Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
ўзини намоён қиладиган хусусиятларга эга бўлади. Шоирда унинг истеъдодини белгилайдиган айрича сифатлар бўлмаса, у шоир бўлолмайди. У ўзини шоир деб аташи мумкин. Даъволар қилиши мумкин, лекин уни шоир деб атамайдилар. Шу билан бирга чинакам санъат асари ёки чинакам шеърият фақат истеъдод билангина яратилмайди. Халқни тўлқинлантирадиган, жамиятнинг олий мақсадларига хизмат қиладиган шеърият шоирдан даврнинг илғор, чинакам маданиятли кишиси бўлишни талаб қилади. Бу маълум ҳақиқатлар. Лекин доимо ҳаракатда бўлган, ўлмайдиган ҳақиқатлар. Адабиётимизнинг абадий тирик қадим классикларидан тортиб замона ҳақиқатини куйлаб донг таратган Ғафур Ғулом ва Ойбеккача, Ҳамид Олимжон ва Зулфиягача, Уйғун ва Миртемиргача, Шайхзода ва Абдулла Қаҳҳоргача, Яшин ва Шароф Рашидовгача ва шулар сафида бўлган бошқа ўнлаб лирик адибларимизгача назар ташласангиз, улар ижодиётида мана шу ҳақиқатлар кучли тўлқин билан ҳаракат қилиб турганлигини кўрасиз.
Шайхзода шоир қалби дунёни тинглар, деган машҳур сўзларни айтган. Шу тинглаш ёки тинглай олиш қобилияти ҳам айтилган айрича сифатлар ичига киради. Лекин бизнинг ёшларимизга мана шу қобилият жуда-жуда етишмай турибди.
Худди шунга ўхшаш айрича сифатлар танқидчида ҳам бўлиши зарурий. Замон танқидчидан зўр савия талаб қилмоқда. У шу савиянинг зўри билан юзларча номлар ичидан талантлисини ажратиб олади, талантнинг мағзини чақади, унинг моҳиятини уқади, келажагини кўришга интилади. Шеър инсон даҳосининг ғоятда интим маҳсули. Унинг таҳлили ҳам ўзига хос интимликни истайди. Шу интимлик ўртада туғилмаса, танқидчи чинакам шеърнинг жуда нозик бўладиган тебранишлари ва тўлқинларини англамайди, таҳлилда унинг сиртидан сирғалибгина ўтиб кетади. Бунақа сирғалувчи танқидчилар оз эмас…
Ўзбек шеърияти бой анъаналарга эга шеърият. Шеъримизнинг бугунги кунда эришган даражасида бемалол икки қутбга ажратса бўладиган «янги» ва «эскиброқ қолган» томонлари ҳам мавжуд. Донишманд шоир Аҳмад Югнакий: «Йигит қўжа бўлур, янги эскирур», деган бўлса ҳам, лекин адабиёт ва санъат эскирмайдиган, асрларга дош берадиган янгилик яратади. Бизнинг ҳозирги адабиётимиз мана шундай янгилик яратиш йўлидадир.
Дунёда нимаики бор, ҳаммаси ва айниқса, санъат, шеърият ўз олижаноб анъаналари билан чиройли, ўз ҳаётбахш анъаналари билан тирикдир. Биз бугунги мазмунан юксак, шаклан бадавлат ва баркамол шеъриятимизга назар ташлаганда, уни мумтоз қилиб турган, яшнатиб, гуллатаётган, тараққиёти, келажагига туртки бўлаётган, унинг яшовчанлигини таъминлаётган қатор кўркам фазилатларни кўрамизки, чуқурроқ каралса, бу фазилатлар шеъриятимизнинг ўтмишидан ўсиб чиққанлиги равшан бўлади.
Миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг меъморларидан бири Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳушёрликка, сиёсий курашга, зўр сафарбарликка чақирди:
Уйғон, уйғонмоқ даврида, Туркистон!
Яша, Туркистон, омон, омон, омон!
Бизга бу кунлар янадин келурму?
Бизга ҳеч ким шунча шафқат қилурму?
Бу