Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
эттиришга ва бунинг ўз ифода усулларини топишга интилаётганлиги ёшлар лирикасининг шаклий изланишлари ҳам мундарижага монанд эканлигини кўрсатади.
Олтмишинчи йилларда ёшлар, айниқса, шеъриятнинг йирик жанрларида самарали ишладилар. Поэма зўр энергияга эга бўлган драмадир. Бу драмани инсон характери ҳаракатга келтиради. «Буюк ҳаёт тонги», «Нидо» «Палаткада ёзилган достон» (Эркин Воҳидов), «Қуёшга ошиқман», «Сотволдидан салом», «Шоир ҳақида» (Ҳусниддин Шарипов), «Бошсиз ҳайкал» (Сайёр), «Машраб», «Заминда яшаймиз» (Муҳаммад Али), «Келинчак (Ойдин Ҳожиева) сингари поэмалар шеъриятимизнинг ана энг яхши анъаналари руҳида ва муҳими, давр ҳамда унинг характерли воқеалари, даврни тебратиб турган ғоялар, қаҳрамонлар тақдирини салмоқли ифодалаб бериши, илгари кўрилмаган шакллар изланиши, уларни муваффақиятли истифода этилиши билан катта адабиётимизга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.
Ёшларнинг катта адабиётимиз олдидаги қарзи нимадан иборат? Боя айтилганидек, буюклик яратиши учун у буюкликдан озиқланиши керак-ку?
Абдулла Қаҳҳор устозидан ўзишга интилмаган шогирд ўз шогирдлик қарзини тўла адо этолмайди, деган мазмунда гапирган эди. Биз Эркин Вохидовга Ҳамид Олимжон, Юсуф Шомансурга Шайхзода, Абдулла Ориповга Ғафур Ғулом, Ҳалима Худойбердиевага Зулфия, Ҳусниддин Шариповга Асқад Мухтор, Рауф Парфига Усмон Носир шеърияти қанчалар баракали таъсир кўрсатгани ва кўрсатиб келаётганлигини биламиз. Адабиётимиз талантли устозларга ҳам, талантли шогирдларга ҳам ҳеч қачон камбағал бўлган эмас. Лекин бунда бир етишмовчилик борга ўхшайди. Устозлардан шеърий техникани, маҳоратни, оҳанглар бойлигини ўрганишнинг ўзигина кифоя килмайди. Улар зўр ҳаракат ва энергияга эга бўлган устозлар. Улардаги ижодий салмоқ, теран эътиқод ишчанлик, фаоллик билан қўшилиб масштаб яратади. Мен ёшларимизда ҳаракатчанлик ва ишчанлик кам демоқчи эмасман. Лекин ҳозирги бўлиб турган ҳаракат уларнинг зиммаларидаги вазифа ва масъулиятга қараганда анча кучсиздир. Бир кузатиш эсимга тушади: кун иссиқ, қилт этган шамол йўқ. Тол тагида бошимни офтобнинг мўл сочилиб турган тангаларидан олиб қочиб ётибман. Толнинг биронта япроғи қимирламайди. Мана, бирдан толнинг бир шохидаги япроқлар бир шивирлаб қўйди. Шабада келаётганга ўхшайди, деб севиндим. Лекин шох ҳам, барглар ҳам шу бир қимирлаганча тўхтади. Бу шабада ҳатто қўшни шохнинг япроқларига ҳам ўтолмади. У ҳолсизланиб қулади. Билмадим, бу нозик хўрсинган ел қайдан келди? Бир талай ёшларнинг ижоди катта адабиётимиз олдида мана шундай кичкина бир шохчани силкитиб кейин қулайдиган елга ўхшаб қолаётибди. Уларнинг биринчи китоблари чиқади, газета-журналларда босилади, кейин амаллаб иккинчи китобга етиб оладилар. Сўнг жимлик бошланади. Фалон ойким шеър ёзганим йўқ, деб ўзларини овутадилар, кейин ой кетидан ойлар ўтади, сўнг йиллар ўтиб кетади, кейин умр. Бу умрда қаламсиз ўтган кун ҳаром бўлсин деган адибгина бир нарсага эришади. Ўн беш йил илгари шунчаки ўрта миёна ҳикоялар ёки шеърлар ёзиб юрган адиб бугун халқнинг юрагига яқин асарлар яратиши мумкин. Нега шундай бўлди? У қаламига ҳам, хаёлига ҳам, оёғига ҳам тинчлик бермайди.