Танланган асарлар. Носир Фозилов
туғилиб қолди. Чопганича ҳалиги чой ичиб ўтирган жойга бориб, газетага ўралган суратни олиб келди. Уни шошилиб очиб, Омон махсумни кўрсатди.
– Мана бу!
Чойхоначи энгашиб суратга тикилди, суратда йигирма беш-ўттиз ёшлар чамасидаги, бурни катта, эгнида ҳарбий гимнастёрка, бошида қалпоқ, чол эмас, мўйловли йигитча ўтирар эди. У ҳайрон бўлиб қолди.
– Бу чол эмас-ку!..
– Бу йигирма биринчи йилда олинган сурат. У киши ҳозир чол… – деди Фурқат гапга аралашиб.– Ану, Ғафур Ғулом китоб ёзган эканлар-ку, у киши ҳақида. Ўзлари жудаям қизиқ киши эканлар…
Чойхоначи бирдан қиқирлаб кулиб юборди.
– Э, шунақа демайсанларми, – деди анча маҳалгача ўзини кулгидан тўхтатолмай. Сўнг шартта тўхтаб, жиддий қиёфага кирди. Негадир юзига фотиҳа тортди. – У кишини танимаган одам борми? Икки йил олдин, тўқсон ёшда оламдан ўтдилар.
Фурқат билан Анвар бир-бирларига аянчли қарашди-да, аста чойхонадан чиқишди. Уларнинг Омон махсум ҳақидаги умидлари пучга чиққан эди.
Яхшиямки, жиндек чой ичиб олишгани, бўлмаса чарчоқдан, омадсизликдан йиқилиб қолишлари ҳеч гап эмасди. Улар оёқларини судраб босишиб, базўр Хадрага етиб келишди-да, тағин бояги маршрутдаги автобусга чиқишди. Энди уларнинг бутун умидлари Атийдан эди.
– Бугун кеч бўлди, – деди Анвар автобусдан тушаётиб.– Эртага гаплашамиз. Атий кўп нарсани билади. Мана бу суратни ҳам кўрсатамиз.
– Суратни кўрса, эски хотиралари эсига тушиб, сайраб кетади, – деди Фурқат хайрлашиш учун қўлини чўзаркан. – Эртагача…
Фурқат уйига кириб кетди. Анвар уйига боришга оёғи тортмайроқ туриб қолди. Ойиси тағин қувлаб қолса-я! Унинг бахтига дадаси уйда бўлсин-да. Дадаси бўлса ойиси сал ҳайиқиб туради. Хайрият, дарвоза очиқ экан. У ичкарига кирди. Уйда чироқ ёқилибди. Ойиси йўқ, дадасининг ўзи креслода газета ўқиб ўтирибди. Авзойи ёмон эмас.
– Ассалому алайкум, дада, – деди Анвар ўзини хушчақчақ кўрсатиб. – Қалай, чарчамай ўтирибсизми?
– Ваалайкум… – деди дадаси ҳам ўғлига бир қараб қўйиб. – Чарчамасдан ўтирибмиз.
– Қодир бобомлар салом деб юбордилар…
– Саломат бўлсинлар.
Шу пайт ойиси билан Маҳфуза кириб келишди. Анвар қараса, уларнинг кайфиятлари ҳам ёмон эмас. Кўнгли сал жойига тушди. Эгни-бошини еча бошлаган эди:
– Биратўла ювиниб кир, – деди ойиси.
Анварнинг кўнгли ёришиб кетди. Ташқаридан хурсанд ҳолда Фурқат чопиб кирди.
– Анвар! Анвар! Мана, хат келибди! «Гулхан» журналидан…
Қайси кўз билан кўрсинки, Фурқатнинг қўлида ўша, ўзи уларнинг почтасидан яшириб олган кўк конверт турарди. Юраги орқасига тортиб кетди.
Анвар бундай разм солса, бир чеккада Маҳфуза унга кулиб қараб турибди. У ҳамма гапни тушунди; синглиси Маҳфуза акасини бадном қилмай деб, хатни секин олиб чиқиб, Фурқатларнинг почта қутисига ташлаб қўйган экан…
Маҳфуза акасига сирли жилмайиб кўз қисиб қўйди. Анвар эса шу топда нима дейишини билмас, сингилжонига меҳри товланиб кетган, нуқул бир Маҳфузага, бир Фурқатга қараб тиржаяр; бу