Танланган асарлар. Носир Фозилов

Танланган асарлар - Носир Фозилов


Скачать книгу
қайтарилган қулоқчин. Эгниларидаги кийимларнинг ранги қанақалигини билиш у ёқда турсин, чанг-тўзон орасида уларнинг қайси бири Камола-ю, қайси бири Тўралигини ҳам ажратиш қийин эди. Камола оиланинг ёлғизи. Эрка ўсганлиги учунми ё болаларга кўпроқ аралашиб юрганиданми, ҳарқалай, феъл-атвори, шўхлиги, гап-сўзларидан унинг қиз бола эканини ажратиш қийин. Шунинг учун уни одамлар кўпроқ Камол деб атаб кетишган…

      Ғиёс ака поданинг олдида, эшакка миниб олган, устида пахталик сирма чопон, бошида кўҳна тулки тумоқ, хаёл суриб сувотга қараб кетяпти. Орқасида пода, пода кетида Тўра билан Камола. Сувот подачиларнинг, қолаверса, молларнинг бироз ором оладиган жойи. Бу жойда Белариқ оқади, ариқ бўйида худди кампирнинг тишидек сийрак ўн-ўн беш туп тол бор, соя-салқин… тагидан ғир-ғир шабада эсиб туради.

      Сигирлар сувотга келиши билан ўзларини сувга уришди. Улар сув ича-ича қоринлари кажава бўлгач, тол соясида тупроғи ўйнаб кетган юмшоқ ерга ётиб олиб, бемалол кавш қайтаришга тушишди, тикка турганлари эса думлари билан устиларига қўнган пашшаларни қўрий бошлашди.

      Ғиёс ака ариқ бўйидаги чимдан ясалган ўчоққа қора қумғонни ўрнатиб, чой қайнатишга киришиб кетди. Тўра билан Камола устки кийимларини ечиб, белларидан келадиган сувга Камолаларнинг «ола»сини олиб тушишди, қашлағич билан ювишга машғул бўлишди. Камола аҳён-аҳёнда пиқир-пиқир кулиб, Тўрага сув сепиб қолади. Кулгиси худди кумуш танганинг жарангидек тиниқ. Тўра ҳам бўш келмайди… Ола сигир кўзларини олайтириб, гўё уларнинг бу шўхликларини ёқтирмаётгандек, оғзини очмай, чўзиб: «Ҳим-м», деб қўяди.

      Нарироқда ўчоққа энгашиб зўр бериб ўт пуфлаётган Ғиёс ака бошини кўтариб, нималардир деб ғудранди-да, аслида намланиб юрадиган кўзлари тутундан баттар ачишиб, юзларини ювиб кетган кўз ёшларини артиб қичқирди:

      – Камол, ҳой Камол!

      Ариқнинг кечигидан аввал бир шўх кулги, кейин «лаббай!» деган овоз келди.

      – Буёққа қара, бор бўлгур, – деди бўйнини чўзиб Ғиёс ака. Товуш чиққан томондан ҳеч ким кўринмагач, ўзича деди: «Кап-катта бўлиб қолишса ҳам болаликлари қолмади-қолмади-да, бу бор бўлгурларнинг. Кун бўйи мол кетидан юриб чарчамаганларини-чи буларнинг. Бироз ором олишса-чи!..»

      Уст-боши шалаббо бўлиб кетган Камола бўй кўрсатди.

      – Чақирдингизми, амаки?

      – Манави ўтини бор бўлгур ёнмаяпти. Бир қучоқ қуруқ ўтинми, тезакми териб келасанми, девдим…

      – Хўп бўлади, ҳозир…

      Камола ариқ томонга бир айёрона қараш қилди-да, сув ёқалаб чопиб кетди.

      Сал ўтмай Тўра ҳам ариқдан «ола»ни етаклаб чиқди. Тиззалари титилиб кетган эски тринка шимининг почаларидан сув сирқиб оқар, ранги билинмай кетган чит кўйлаги шалаббо бўлиб бадан-баданларига ёпишиб қолган эди. Ола сигирнинг юнглари бир текис ётиб, офтобда ялт-ялт қилар, дўмбира бўлиб кетган қорнидан сув сирқиб тупроқ устига оқар эди. Тўра сигирни нарироқдаги тол соясига ҳайдаб, ўзи Ғиёс аканинг олдига аста келиб чўкди.

      – Кўйлагингни ечиб тушсанг бўлмайдими сувга, бор бўлгур, – деди Ғиёс ака кўз ёшларини артиб.

      Тўра индамади.


Скачать книгу