Танланган асарлар. Носир Фозилов
енгил сакраб тушиб, ҳовлига кириб кетишганида, Ғиёс ака аравадан бир қоп юкни аранг кўтариб олди-ю, орқалаганча кириб келди. У бир зум теварак-атрофга қараб анграйиб тургач, ҳовли чеккасидаги дарахтга қопини суяб, ёнига ўзи ҳам чўнқайди: ҳовли тўла одам, қий-чув, биров бировнинг гапига қулоқ соладиган эмас. Эшик олдидаги дарахтларга от, эшаклар боғланиб ташланибди. Фарзандларини кузатиб қўйишгами ё комиссиянинг қарорини ўз қулоқлари билан эшитишгами – ҳарқалай, чол-кампирлар, хотин-халаж ҳам келган. Баъзиларнинг кўзларида ёш… Ким ўғлининг бўйнига осилиб йиғлар, ким жигарпорасини ўтқазиб қўйиб ниманидир куйиб-пишиб уқтирар, кимлар овқат олиб келишиб, йигитларни зиёфат қилишар эди. Ҳов анови чеккада гармошканинг авжи баланд: ёшгина қиз-жувонлар қандайдир русча ашулани айтишиб, ер депсинишиб ўйин тушишяпти… Бир рус йигит, хотини бўлса керак, ёш, оппоқ, сулувгина жувонни четроққа олиб чиқиб, бағрига босиб, бетўхтов ўпарди. Унга Ғиёс аканинг кўзи тушиб қолиб, юзини тескари бурди: «Бор бўлгурнинг уялмаганини қара!»
Аҳён-аҳёнда ичкаридан ҳарбий кийимдаги бир рус йигит чиқиб, кимларнингдир исм шарифини айтиб чақирар, чақирилганлар тўполонда, қий-чувдан эшитишмаса ҳарбий киши тағин такрорлар, товуш берган йигитни ичкарига бошлаб кириб кетар эди.
– Абдирайим, у нима деб қичқиряпти? – деб сўради Ғиёс ака ҳалигина ўзи билан бирга келган йигитдан. Абдирайим нима учундир ҳаяжонда, у ёқдан-бу ёққа юриб махорка тутатарди.
– Камасияга чақиряпти, – деди у махорка қолдиғини бир чеккага отиб.
– Бизларниям чақирармикан?
Абдурайим ажабланиб бир қараб қўйди…
– Чақиради.
– Зийракроқ бўлиб тур, ука, бехабар қолмайлик тағин.
Абдурайим Ғиёс акага тағин бир қаради-ю, индамай юришда давом этаверди. «Атайлаб повиска юбориб чақиртириб келишади-ю, ичкарига таклиф қилишмайдими? Ғалати гапларни гапиради. Ҳазилми ё чиними?!»
Ғиёс ака хаёлга кетиб қолган экан, оғир қўл зарбидан ўзига келди. Бундай қараса – Абдурайим.
– Ҳа? – деди у ағрайиб.
– Туринг, чақиришяпти.
– Ким? Қаёққа?
– Қаёққа бўларди? Ичкарига-да. – Абдурайимнинг товуши ўктамроқ чиқди.
Ғиёс ака шоша-пиша, орқа-олдига қарамасдан дарахтга суёқлик турган қопини орқалаганча ичкарига қараб юрди. Абдурайим ҳай-ҳайлаганча қолаверди…
Ғиёс ака ичкарига кириб, бўғма каноп қопини гуп этказиб полга қўйганида, одамлар аввалига таажжуб билан бир-бирларига қарашди-ю, кейин юзларига табассум қўнди. Ғиёс ака ҳам ҳайрон бўлиб қолди: рўпарада тепакал бир ҳарбий киши оқ халат кийиб олган, жиддий, олдида қоғоз дегани уюлиб кетибди… нималарнидир қирт-қирт ёзиб ўтирибди. Ўнг томонда эса беш-олтита йигит, онадан қандай туғилган бўлса шундай – қип-яланғоч, оқ халатли бир врач аёлнинг олдида навбат кутиб туришипти. «Буни қара-я! – Тағин аёл кишининг олдида… – Ғиёс ака уятдан шолғомдек қизариб кетди. – Мен ҳам ечинаманми? Наҳот?!»
Теварак-атрофдагилар – ҳалиги яланғоч йигитлар, оқ халатли ҳамширалар унинг эгни-бошига,