Танланган асарлар. Носир Фозилов
бор, бир амаллар, – деди раис. Бунақа пайтда раис Ғиёс аканинг туғма подачи эканини, унинг олдида ҳал бўлмайдиган ҳеч қандай муаммо йўқлигини, у бор жойда сўна… борингки, бўри ҳам ҳеч гап эмаслигини таъкидлаб, унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилар эди. Бугун эса калтагина қилиб: «Ёшлар бор, бир амаллар», деб қўя қолди. Нима гап ўзи? Нега Ғиёс акани қўшмади? Ғиёс ака буни сезиб, раиснинг юзига тикилди. У гапни чалғитиш учунми, нарироқда ҳўл кийимларини сиқаётган Тўрага қаради.
– Ҳа, Абдитўра, вой-бўй, уст-бошинг шалаббо-ку. Ишлар тузукми, ота ўғли? Абдикамол қани?
– Шу ерда, – деди Тўра ийманиброқ.
– Ҳа, майли, молларингга қарай туринглар бўлмаса. Абдиғиёс аканг билан озгина гапимиз бор… – деди раис. – Ҳа, айтгандай, Абдитўра, буёққа қара: анави тўриқ йўрғани яланғочлагин-да, сувга олиб тушиб, бир пишиб ташла. Маза қилсин, бечора. Кўпикка тушиб кетди, жонивор. Совисин.
– Хўп.
Катталарнинг суҳбатидан қандай қилиб нарироқ бўлишни ўйлаб турган Тўра чаққон бориб тўриқ йўрғанинг устидан эгар-тўқимини сидирди. Бечоранинг тўқимлари тердан сасиб кетибди. Шаҳарда очиқиб қолганми, сувга тушса ҳам ариқ четидаги ўтларни чимдиб курт-курт чайнар, бошига, кўзига ёпирилган чивинларни кўриб, бошини, думини бетўхтов силкир эди. Тўра от устини бир сидра ювиб, сўнг қашлағич билан бўйинларини, ўмровини, қапталини қаший бошлади. Тўриқ йўрға боягидай ўт чимдимас, бошини силкиб, думини ликиллатмас, кўзларини юмганча роҳат қилиб жим турар эди. Тўра Ғиёс ака билан раис бобога кўз қирини ташлади. Раис бобо ажриққа бемалол ёнбошлаб нималарнидир гапирар, Ғиёс ака чўккалаганча… ҳаяжонми ё ўйчанми, ҳайтовур, тушуниб бўлмайдиган бир ҳолатда унинг гапларини жимгина тинглар, аммо гапларини Тўра эшитмас эди.
Йўрғани яхшилаб ювиб-тараб бўлиб, ариқ бўйига олиб чиқди. От сувдан чиқиши билан мириқиб силкинди, теварак-атрофга сув пуркалгандек бўлди. Пишқириб оёғи билан ер тирнаб кишнади.
– Жонивор, бирпасда жони кирди-қолди.
Тўра бундай қараса, раис бобо билан Ғиёс ака ўринларидан туриб буёққа келишаётган экан.
– Бироз сабр қилинг, усти қурисин, – деди Ғиёс ака. – Ҳозир эгар уриб бўлмайди… Уст-бошингизни ҳўл қилади.
– Вақтим борми қуришини кутиб ўтиришга. Абдитўра, қани, эгарни ол!
Раис бобо тўриқ йўрғага миниб, тизгинини қўлига олди-ю, Ғиёс акага:
– Гап шу! – деди-да, отнинг бошини қишлоққа бурди.
Ғиёс ака аста бошини қимирлатиб унинг кетидан қараб қолди. Раис бобо унга бир муҳим гап айтиб кетгани шундоққина билиниб турар эди.
– Камол келмадими?
Тўра елкасини қисди.
– Гап бундай, Тўра. Менинг зарур ишим чиқиб қолди. Мен ҳозир кетавераман. Подани аста ҳайдаб йўлга тушаверсанглар ҳам бўлади. Кун пешиндан оғиб қолди. Боргунларингча кеч кириб қолади.
– Майли.
…Тўра Ғиёс акани кузатиб қўйиб, молларини бир айланиб чиқди ҳамки, Камоладан дарак бўлмади. Нима бўлди экан унга? Ё Тўрани қўрқитиш учун бирор жойда бекиниб ётганмикан? Бекинса шунча вақт ётадими?
Тўра