АСАРЛАР (III жилд). Сирожиддин Саййид
синф каптарлар,
Жимирлайди жон ва тан.
Чарх урар бизлар билан
Кабутардай оқ Ватан.
МУЛТФИЛМ
Болаларга
Бургани бурга еди,
Куркани курка еди.
Бўрини ғажир бўри,
Ўлжани еди зўри.
Чўққилар биқинида,
Бургутларнинг инида –
Жўжа чўқир ўзининг
Укасининг кўзини.
Қувлаб юрар гиначи
Ниначини ниначи.
Кўринг-да бу қилиқни:
Балиқ еди балиқни.
Қуённи қувлар қуён,
Тулки қочмоқда қаён?
Қочиб юрар ҳўкизлар,
Изларидан – тўнғизлар.
Кенгуруни кенгуру
Сакраб-сакраб, кенг юриб,
Тармашади кетига,
Чанг солар сўнг бетига.
Маймунни миниб маймун
Тимдалар уни мамнун.
Қоплон босиб панжасин
Еб қўйди қоплончасин.
Илонлару чаёнлар
Судралмоқда қаёнлар?
Буларнинг ҳаммасини,
Каклигу саъвасини –
Келиб қолар-да беғам,
Еб қўяр битта одам.
Бу ёғи қизиқ бўлди,
Бир катта чизиқ бўлди.
Сиз булардан фарқ қилинг,
Даврасини тарк қилинг.
Китоб ўқинг, болалар,
Китоб ўқинг, болалар.
Бу шеърни айтди дилим,
Дунёда энг зўр – билим.
Ана сизга мултфилм,
Мана сизга мултфилм.
«Тушмиш қайси дарахтлардан болалар…»
Тушмиш қайси дарахтлардан болалар,
Қуёш каби чарақлаган болалар?
Ёрқин, порлоқ юлдузларнинг остида
Толелари ярақлаган болалар.
Юраклари бойчечакни ўпмаган,
Чўнтаклари жарақлаган болалар.
Навоийни бир варақлаб кўрмаган,
Пулни яхши варақлаган болалар.
ИЛК ОҒРИҚ
Болаликдан, ёронлар,
Ҳар ишга моҳир бўлдим.
Булутларга чўпону
Шамолга шофир бўлдим.
Осмонларни хушладим,
Чақмоқларни ушладим
Ва тоғларга улашдим,
Бир кенжа ботир бўлдим.
Гулдираклар гулдираб,
Дилга кирди ғўлдираб,
Кўкрагимни тўлдириб,
Гоҳ дарё, гоҳ қир бўлдим.
Қайга қадам қўйдим сўнг?
Бир лолани суйдим сўнг.
Майса янглиғ куйдим сўнг,
Ё сеҳр, ё сир бўлдим.
Менга болиш – тоғ, саҳро,
Хаёлимда – гул Узро.
У – ердаги бир Зуҳро,
Мен эса Тоҳир бўлдим.
Ойлар тўлиб айланди,
Тақдирларим бойланди.
Дўстим унга уйланди,
Мен озроқ оғир бўлдим.
Севгим чала қолди-да.
Ўзим ўсган ҳовлида,
Ўз кўнглимнинг олдида,
Дўстлар, мусофир бўлдим.
Бургутларни “сен” дердим,
Чўққиларга тенг эдим,
Самолардай кенг эдим,
Тупроқ билан бир бўлдим.
Билмадим бу савдода
Олдми ё охир бўлдим.
Дўстим