АСАРЛАР (III жилд). Сирожиддин Саййид
билан.
«Менинг тўртликларим…»
Менинг тўртликларим –
Менинг шўрликларим.
Гоҳи мўртликларим,
Гоҳи ғўрликларим.
Пасту баландларим,
Сўқмоқ, кенгликларим,
Гоҳи қирликларим,
Гоҳи ўрликларим.
Сиз ғамгин умримнинг саналарисиз,
Юрагимнинг синиқ ойналарисиз.
Аламларим янглиғ турлик-турликларим,
Бир шеър ҳижронида тортган хўрликларим,
Менинг тўртликларим.
Сиз – қалб осмонининг маҳзун шомлари,
Қурмаган уйимнинг мунглуғ ромлари.
Гоҳи рост сўзларим,
Гоҳи ўтрикларим,
Кўнгил кўчасида қилган кўрликларим,
Зорлик, хорликларим –
Менинг тўртликларим.
Сиз менинг бардошим,
Менинг сабрларим,
Бу дилсиз дунёда дилдан хабарларим,
Ўтган ёшликларим,
Кетган шўхликларим,
Гоҳи сўникларим,
Гоҳи нурликларим –
Менинг тўртликларим.
Сарғайган баргдайсиз,
Баргда – шабнамдай,
Кексайган дарахтим – ёлғиз онамдай.
Сўзга тутқун бўлиб топган ҳурликларим,
Фироқ куйларига умрий жўрликларим –
Менинг тўртликларим,
Менинг тўртликларим.
МАҚОЛ
Бозорга борганлар охир қайтишган,
Умр – ипи тўзғиб кетгувчи ғалтак.
Боболар ҳар сўзни билиб айтишган:
Оқилга – ишорат, нодонга – калтак.
Кўза синдирганлар, сув келтирганлар
Ҳамма замонларда яшаган бешак.
Боболар сўз айтиб, жим ўлтирганлар,
Оқилга – ишорат, нодонга – калтак.
Емирилиб кетди қанча бинолар,
Нодонлар ўриклар ейишди қантак.
Сўйлаб қолаверди не-не донолар:
Оқилга – ишорат, нодонга – калтак.
Олам равнақидан кўзлар қамашди,
Инсон ҳам ўзгариб бормоқда андак.
Энди бу зотлар ҳам ўрин алмашди:
Нодонга – ишорат, оқилга – калтак.
МАЙЛИ
Энди нима деймиз? Ўзинг қол, майли,
Агарчи нондан ҳам Сўз ҳалол, майли.
Сендан баланд бўлса, юксакроқ бўлса,
Симёғочни кесиб, ўтга сол, майли.
Қирққил теракларнинг учларини ҳам,
Қурит томирлари – кучларини ҳам.
Баланд осмонларнинг қушларини ҳам
Айлагил пойингда поймол, майли.
Телеминорага ўрнат уйингни,
Кекирдагинг кериб, чўзиб бўйингни,
Бир ўзинг таратиб қўшиқ-куйингни,
Ўзинг маҳлиё бўл, ўзинг – лол, майли.
Қишинг ёздан ўзғир, ёзинг – қишингдан,
Ўзинг мамнундирсан қилмиш, ишингдан.
Биз нима ҳам дердик – сенинг ичингдан
Оқроқ бўлса мол ё қорамол, майли.
Лутфий боболардан ёд Адабиёт,
Шоҳ Бобурлар сурган от Адабиёт.
Мангуликка қадар дод Адабиёт,
Чўлпон, Фитратлари жонувол, майли.
Не-не улуғ зотлар умри сарғариб,
Ўтдилар