Қазои Қадар. Аббос Саид
гапирмоқчи бўлган гапи оғзида қолиб, ниятидан қайтди. “Ҳе, сени!” деган ишорада қўл силтади-да, уни мунтазир бўлиб кутаётган шериклари тарафга одимларкан: “Битта тиррақи бузоқ бутун подани булғатади деганларича бор экан-да! Бу ярамас бутун бошли катта бир оиладагиларга адоват уруғини сочиб, барчанинг пароканда бўп кетишига сабабчи бўлди!”, деди ичида, шу дамда яна ўғли Асқар айтиб берган воқеани ёдига олиб, чуқур хўрсиниш билан “уф” тортди. “Укам Рашид қамалганида у мегажинга, у офатга қанча яхшиликлар қилувдим-а! Ўзи дадам раҳматлига писта қовуртирттириб соттиришгача борганидаёқ билувдимку-я бунинг кимлигини, лекин ёш болаларига раҳмим келганидан, ўша йиллардаги аҳволларидан келиб чиқиб уни ўзим ишлайдиган боғчага ишга олиб кетувдим, ошхонасига киритиб қўювдим, ана шуларниям билмади нонкўр!”, деди ўзига-ўзи, ушбу юмушлари ҳақида ўйларкан, қилган яхшилигини миннат қилаётгандай бўлгани сабаб ўзидан ўпкаланди, маълум маънода хижолатланди. Аммо бу билан ҳам ҳовридан тушмади ‒ қанча унутишга ҳаракат қилмасин, укасининг хотини кўзи олдида жуда хунук авзода, шайтоний бир қиёфада намоён бўлаверди. Нечанчи бор тантиқ келинининг ўғли Асқарникига пул сўраб борганини тасаввур қиларкан, сўнгги пайтларда у тушларига ҳам жулдурвоқи уст-бошдаги жодугар, алвасти мастон қиёфасида кириб чиқаётганини, хадеганда унинг ёқасидан олиб, тиланиб пул сўрашини қўймаётганини эслаб, кўзи олдига келтириб, бу нарса унинг хотирасига чиппа ёпишиб улгурганини ҳис этди…
5
Асқарнинг хотини Карима ҳовлига учга-тўрт ўлчамдаги катта-катта қизил атиргуллари бўлган кўк сатин матони тўшаб бир чеккасидаги беқасам кўрпачага ўтириб олиб устига уюб қўйилган оқ-қўнғирранг жунларни саваётганди, кўчадан кираверишдаги болхона пештоқида одатда мактабларга қўйилиши керак бўлган катта қўнғироқ беш-олти бор жиринглашидан чўчиб тушди. “Ҳе, ўлсин илойим, ким экан бу ҳовлиқиб келган? Бир-икки марта жиринглатдинг бўлди-да энди, шу қўнғироқ ордонани босавериш ҳавасми сенга?!”, деб қўнғироқни кетма-кет босган кимсадан норозиланиб савағичларни жун уюми устига отиб уриб ўрнидан қўзғалди-да, минғирлаб-минғирлаб уч-тўрт қадам юрди, эгнидаги ёзлик сидирға ҳаворанг шодланка кўйлагига ёпишган пар сингари титилган юнгларни қоқиб қўяркан, уёғига-буёғига қараган бўлиб “ҳозир” деб қўйди, шошмасдан кўча эшик томон йўналди.
У эшикни очганида остонада эри томонидан кичик амакиси Рашид дўконнинг хотини Тоҳира сатанг турганига кўзи тушди. Сал нарида, ҳовуз бўйида эса уни қизил “Жигули”да илгаригидан анча семиргани яққол кўриниб турган, бўйи ҳам чўзилган кенжа ўғли Баҳодир кутиб ўтирарди. Унинг ҳам, онаси Тоҳира сатангнинг ҳам авзойи бузуқ, қовоқларидан қор ёғиб турар, Карима билан шунчаки юзаки, истаб-истамай сўрашаркан, ичкарига бошлашига ҳам қулоқ солмай, турган ерида уни саволга тутиб:
‒ Эрингиз Асқар қани? Менга жуда керак эди-да! ‒ дея шанғиллади, ён-атрофдаги қўшнилардан андиша ҳам қилиб ўтирмади.
Карима