Қазои Қадар. Аббос Саид
турганди, йўқ, иш бунгача бормади, жанжал илинжида ташриф буюриб, улардан мўмай пулни ундириб олмоқчи бўлган сатангнинг пайтавасига қурт тушаркан, ҳовлини тарк этиш асносида яна такрорлаб:
‒ Гапларимни қулоғингизга илиб олдингиз-а? Тағин муносабатларимизнинг пачаваси чиқиб ўтирмасин! ‒ деди-да, уй эгаси билан хайрлашишни ҳам ўзига эп билмай, ташқарига ошиқди.
Карима бир томондан қўшниларидан андиша қилгани важи, бошқа томондан эса, дарвозанинг эшигини жаҳл билан тарақлатганча ланг очиқ ҳолда ташлаб кетганини кўриб Тоҳира сатангни остонагача кузатиб чиқмади. У ўғлининг машинасига ўтириб жўнаб кетгандан сўнггина: “Бо-оо худо, осмон қўлингда бўлса ташлаб юбормайсанми? Ҳе-ее, сендақа сатанг таманнодан ўргилдим! Эрим сенларга не-не чинни буюмларни, не-не қандилларни, не-не кийим-бошларни, не-не тилла тақинчоғу бриллиант кўзли исирға ва узукларни олиб бериб қўйганлари, оч кўзларингни ана шу нарсалар билан қувонтирганлари ёдларингдан кўтарилибди-да! Ҳе, очофат бўлмай ўлларинг, ҳе кўролмаган кўзларинг ситилсин!.. Иложи бўлса, шу Асқарнинг сўнгги иштонини ҳам олиб кетсаларинг-да, а? Шунда сенлар тўясанлар, шунда тинчийсанлар шекилли?!”, деб дарвоза эшигини ичкаридан қулфлаб орқасига қайтди.
Анчагача ўзига келолмай ҳовлида уёқдан-буёққа юрди. Ҳадеганда кўз олдига Тоҳира сатангнинг совуқ башарасию косасидан чиқиб кетгудай қисиқ кўзлари, пулини талаб қилиш баробарида шаллақилик билан уни жеркиб ташлашлари, яна “қайнатангни бошлаб бормасин ‒ эрингга айтиб қўй”, дея шарт қўйишлари қаёқдандир хаёлига келиб унинг вужудида турли ғалаёнларни қўзғатди-ю, аммо бу ғалаёнларни ичига ютиш кераклигини, буларнинг ҳаммасини юрагига қаттиқ оладиган бўлса бирор-бир дардга ҳам чалиниб қолиши ҳеч гап эмаслигини ақли унга кўрсатиб, яна ишини давом эттириш мақсадида саваётгани жунлари тепасига келди. Қўли ишга бормаса-да, ўзини мажбурлаб қизил бўз устидаги беқасам кўрпачани берироқ суриб устига жойлашиб ўтирди, чап томонидаги тол хипчинларни икки қўлига оларкан, чала-ярим савағлиқ қолган ярми қўнғир-ярми қора-оқ жунлар уюмининг бир нуқтасига кўзларини қаратди. Хаёлидан шу дамда яна қайнонасининг бирда айтган гаплари ўтди: “Подшонинг ишқи қурбақага тушган экан-да! Қиз қуриб қолгандай, Рашид мана шу кўзи қисиқни уйга бошлаб келганини-чи?!” “Ҳа, ҳа, ‒ деди у ўзига-ўзи, ‒ қурбақадан ҳам баттари экан бу Тоҳира сатанг деганлари, ўтиб тушгани экан!..”, деб мулоҳазаланди, мазкур фикр-ўйлари ортидан бу ерга кўчиб келмасларидан бурун, Хончорбоқдаги эски ҳовлида яшаётган кезлари, бирда ширгуруч қилганида, қайнотаси Абдурасул ака: “Шундан бир косага солинг-да, устига озроқ сарёғ суртиб бувингизга олиб чиқиб беринг!”, деганида, девор-дармиён қўшни ҳовлида истиқомат қилувчи Риҳси кампирникига чиққанидаги ана шу кенжа келини Тоҳира сатанг билан боғлиқ бўлгани воқеа ёдига тушди…
6
Карима бу хонадонга иккинчи келин бўлиб тушганига ҳали кўп бўлмаган, ҳали тўнғич қизи Камола дунёга келмаган, ҳали қайноғаси Анвар ўз оиласи билан жой олиб чиқиб кетмаган,