АСРОРНОМА. Шайх Фаридуддин Аттор
ул қуйилгай.
Дедик ҳар неки бизда эътиқод ул,
Агарчи сен билан бўлмас зиёд ул.
У кампир муштида мазҳаб эди, бас,
Ва ул мазҳабга эрди айтгани мос.
790 Басе билди ва мендек юрди ожиз,
Ки чиндан эрди ул дини ажоиз72.
Ва ул ҳикматки кампир этди иқрор,
Сенинг йўлингда бўлди баски инкор.
Менинг бир иллатим йўқдир, дегайсен,
Вале келганда иллатсиз эмассен…
Биров Боязид Бистомийдан савол сўргани
Савол сўрди чунин бир кимсайи хом:
Аё султони барҳақ, пири Бистом.
795 Нечун ул, не сабаб олам чуниндир,
Нечун бир осмону бир заминдир?
Нечун жавлон уриб, жунбушдадир ул?
Нечун сокин турар, хомушдадир бул?
Нечун ул етти афлок чарх урар чун,
Бу олам не эрур, остину устун?
Жавобин айтди ул султони мутлақ,
Ки, эй тингла, жавобим бўйла ал-ҳақ.
Боқиб оламга сен бундоқ деюрсен,
Сабабки, ҳеч вақони кўрмаюрсен.
800 Биз асли кулл десак, иллат демасмиз,
Ва ул жузъдан-да иллат изламасмиз.
Эмишди фалсафий иллатга ўтру,
Чу дини Мустафодин тушди айру.
На бир ишкал эрур динда, на иллат,
Итоатдир тамом бу дину миллат.
Аё, шу ақлимизнинг манзили мўл,
Юрар бир кўз-ла лекин фалсафий йўл.
У ҳар неким демиш, бори хатодир,
Сўраб кўр, кўнглида не муддаодир?
805 Нечун шу даҳр аро қурқувдадир ул?
Киши қўрқмас, агар осудадир ул.
Азизим, жону тан сиррин эшитдинг,
Бу сўзнинг шарбати таъмини тотдинг.
Мунаввар айласин жонингни асрор,
Йўқ эрса, жону тан бўлгай гирифтор.
Эрурлар ҳамдаму ёр иккиси ҳам,
Ки бўлгай сўнг гирифтор иккиси ҳам.
Не эрмиш жону тан, мендин уни сўр,
Фалаж бирлан эшакни йўл аро кўр…
Бир фалаж ва бир эшшак ҳикояти
810 Йўл узра икки йўлдош эрдилар оч,
Фалаж қашшоқ, эшак эрди яланғоч.
Фалажнинг йўқ эди юрмоққа ҳоли,
Эшакнинг ҳам туганмишди мажоли.
Фалаж ўзни эшакка ортмиш эрди,
Эшак йўл узра турмиш, қотмиш эрди.
Иковлон тун аро бир гал босиб йўл,
Баногоҳ ўғриликка урдилар қўл.
Ва лекин ўғрилик ул бўлди ошкор,
Жазога бўлдилар бирдек гирифтор.
815 Фалажнинг ўйдилар кўзи қароғин,
Уриб, синдирдилар эшшак оёғин.
Иковлон чун келиб бундоқ арога,
Иковлон қолдилар бирдек балога.
Азоб етмиш эди жонларга бирдек,
Ситам етмиш эди танларга бирдек.
Тану жон ичра пинҳон бир азобди,
Азоб ичра улар ҳоли харобди…
Вале ушшоқ азоби ўзгадир, бас,
Не эрмиш ул азоб, кўп кимса билмас.
820 Азоби жонга боис ул жамолдир,
Ки тоқат айламак бунга маҳолдир.
Агар фоний бўлолса, ул етишгай,
Фано ичра бақо бирлан туташгай.
Мисолин сўйламишди пири асҳоб:
Суву соҳил аро не тоқату тоб?
Мисол