СИЁСАТШУНОСЛИК. Муқимжон Қирғизбоев
алоқалар партиялар ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари воситасида амалга оширилади; 3) ОАВ (оммавий ахборот воситалари) орқали бўладиган коммуникациялар, тезлик билан ўсиб бораётган электрон воситалар.
К.Дойчнинг сиёсий тизим концепцияси қаттиқ танқидларга учради. Лекин шунга қарамай, у ҳокимият муносабатларининг муҳим ва фаол компоненти бўлган ахборот оқимлари ва коммуникатив алоқаларни сиёсий тизим таҳлили жараёнларига олиб кирди102 .
3. Жамият сиёсий тизимининг тузилмаси ва
функциялари
Сиёсий тизим – ўзаро хатти-ҳаракатдаги остки тизимларнинг бир бутунликни ташкил этган ҳолатидир. Сиёсий тизим тузилмаси ичида учта остки тизимлар мавжуд: институционал, ахборот-коммуникатив ва меъёрий-регулятив.
Институционал остки тизим давлат, сиёсий партиялар, манфаатлар гуруҳлари (нодавлат ва жамоат ташкилотлари) каби институтлардан иборатдир. Ўзида энг кўп сиёсий ҳокимиятни ифодаловчи етакчи институт – бу давлатдир. Демократик жамиятларда сиёсий партиялар, манфаатлар гуруҳлари (нодавлат ва жамоат ташкилотлари) автоном бўлиб, улар ўз функцияларини ҳеч қандай тўсиқларсиз бажара оладилар. Сиёсий партиялар ва манфаатлар гуруҳлари (нодавлат ва жамоат ташкилотлари) давлат тузилмаларини шакллантиришга таъсир этади, сиёсий мақсадларни тузатиб туради, сиёсий ривожланишни йўналтиришда иштирок этади. Авторитар ва тоталитар жамиятларда сиёсий партиялар ва манфаатлар гуруҳлари бошқарувчи элита ва бюрократик аппаратга қаттиқ бўйсундирилади, уларнинг табиий функциялари ўзгартирилади.
Сиёсий тизим тузилмасидаги ахборот-коммуникатив остки тизим институтлар билан сиёсий тизим ўртасидаги алоқаларни таъминлаб туради. Бу остки тизим унсурларига ҳукуматга ахборот бериш йўллари (очиқ мажлисларда ишларни кўриб чиқиш тартиботи, турли текширувлар комиссиялари, манфаатлар гуруҳлар билан ўтказилган ёпиқ консультациялар ва бошқалар) , шунингдек, кенг оммага мўлжалланган китоблар, журналлар, газета, радио, телевидениелардан иборат оммавий ахборот воситаларини киритиш мумкин.
Бу остки тизим муҳим аҳамиятга эгадир: бу тизимда иштирок этган кишилар турли хил воқеликлар ва хатти-ҳаракатларда бевосита иштирок этганлиги, жумладан, маълум бир ҳажмдаги сиёсий йўналишларга оид билим ва ахборотларга эга бўлганликлари туфайли сиёсий жараёнларни баҳолай олади. Агар демократик жамиятларда ОАВ мустақил бўлса, авторитар ва тоталитар жамиятларда улар бошқарувчи элитага бўйсундирилади.
Меъёрий-регулятив остки тизим кишиларнинг сиёсий ҳаётдаги хулқларини белгилаб ва аниқлаб берувчи турли хил меъёрлардан иборат бўлиб, улар асосан қуйидагилардир: кишиларнинг ўз талабларини илгари суриш жараёнларидаги иштироки, бу талабларни қарорларга айланиши, қарорларни амалга ошириш. Бу меъёрлар – барча турдаги сиёсий жараёнларда иштирок этишнинг асосий қоидалари ҳисобланади. Меъёрларни икки турга бўлиш мумкин: 1) меъёр-одатлар; 2) меъёр-қонунлар.