Суиқасддан сўнгги сукут ёхуд Чингизхондан Черчиллгача. Нурали Қобул
тўққиз юз саксонинчи йил кузларида Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Оқил Умрзоқович Салимов бошлиқ делегация Бокуга ташриф буюрди. Бизга қадар Бокуга Леонид Ильич Брежнев келиб кетган, бутун шаҳар ва мамлакат унинг портретлари, сўзлари ва асарлари “Целина”, “Возрождение” ва “Малая земля”га қўйилган паннолар билан тўлган, биз шу пайтгача бундай манзарани кўрмаган эдик. Бош раҳбар китобларига қўйилган панно-ёдгорликлар шаҳар манзарасини тўсиб қўйгандек эди.
Ҳайдар Алиевнинг бир соатлик маърузасининг маъноси – Леонид Брежнев шарафига мақтов, унинг Озарбайжонга келиб кетиши буюк тарихий воқеа эканлиги ва Ўзбекистон пахта етиштиришда Иттифоқда биринчи бўлса, Озарбайжоннинг узумчилик бўйича биринчи ўринга чиқиши ҳақида эди.
Кўп ўтмай, саксон иккинчи йилнинг баҳорида, Наврўз байрамида Леонид Ильич Тошкентга ташриф буюрди. Тошкент ҳам биз кўрган Боку тусини олган бўлса-да “Дорогой Леонид Ильич!”ни шарафлаш борасида озарий қардошларимизга ета олмасди.
Йигирма учинчи март куни бош раҳбар Тошкентдаги бир неча заводларни бориб кўрди, бош секретарни толиқтирмаслик учун авиация заводидаги учрашувни бекор қилишди.
– Тушликкача ҳали анча вақт борга ўхшайди, Шароф Рашидович! Заводга борамиз деб сўз берганмиз! Одамлар тўпланиб, учрашувга тайёрланиб, бизни кутаётган бўлишса керак. Боришимиз лозим, назаримда. Ҳар хил гап-сўзлар тарқалиши мумкин, қани кетдик, – деди Брежнев ёнида турган Шароф Рашидов ва бюро аъзоларига.
– Леонид Ильич! Заводга бориш мумкин эмас! – эътироз билдирди қўрима бошлиғи генерал Рябенко – қўримани бекор қилганмиз! Уни қайтариш учун вақт керак!
– Сенга ўн беш дақиқа муддат! – қўрима бошлиғи сўзини кесди бош секретар. – Қўримани қайтар!
Ўн икки тонналик, ўқ ўтмайдиган “Зил”лар кортежи Тошкент авиация заводига етиб келганида денгиз каби тўлқинланаётган одамларга кўзи тушган Рябенко ёнида турган, Леонид Ильичнинг шахсий тан қўриқчисига деди.
– Ортга қайтайлик! Вазият чатоққа ўхшайди.
– Қўйсанг-чи! Бу гапни Ильичга айтиб бўладими? – жавоб қилди полковник Медведевнинг ҳам капалаги учиб.
Меҳмонлар учрашув тайин этилган йиғиш цехига етиб боришди. “Буран” космик кемаси йиғиладиган цехда одам чумолидек қайнарди.
Юзларча ишчилар қурилиш нарвонлари устига чиқиб, афсонавий раҳбарни кўрмоққа интилар, ит эгасига боқмас бир ҳолат ҳукмрон эди.
Қўрима қуршовидаги Леонид Брежнев ва ҳамроҳлари самолёт қаноти остидан учрашув майдончаси томон бир аммалаб ўтиб олган, қўноқларни ўраган ҳалқа хатарли равишда торайиб борарди.
Оломон астойдил босиб келавергач, хавфсизлик хизмати ишга киришди ва босимни тўхтатиб қолмоқ учун одамларни орқага итара бошлашди.
Леонид Ильич Рашидов билан самолётнинг тагидан эндигина чиққан эди. Самолётни териш учун тикланган леса-нарвонлар устидаги ортиқча одамни кўтара олмай гурсиллаганча ағанади. Нарвоннинг узунлиги самолётнинг бўйи қадар бўлиб эни тўрт метр эди.
Брежнев ҳам, Рашидов ҳам қўримаю улар билан келган барча кишилар одамлар остида қолиб кетган, қиёмат-қойим юз берганди.
Нарвон ағдарилиб ерга тушишига одам бўйи қолганда Москва ва Тошкент қўрима хизматлари ходимлари Брежнев турган жойда ўзларини қалқон