Буюк Амир Темур ёқути. Озод Муъмин
кўнглини ғам ва ғубор эгаллаган эди. Отлиқлар биринчи довондан ўтиб улгурмаган ҳам эдиларки, орқадан чопар етиб келди. У Мирзога янги ҳукмдор – ўғли Абдулатифнинг фармойишини топширди. Бунга кўра Улуғбек подшоҳларга хос йўл анжомларига эга бўлиши учун қўшни қишлоққа кириб, кутиб туриши лозим эди. Буюк олимнинг кайфияти баттар бузилди. Қалби қандайдир бир ғаламисликни туйди… Аммо, чора йўқ! Бугун у – мағлуб кимса.
Улар қўнган қўрғон ҳувиллаб ётарди. Теварак-атроф жимжит. Ҳаво совуқ, этни жунжиктиради. Навкарлар ҳовлига гулхан ёқиб, қозон осишди. Гўшт солинган қозон биқирлаб қайнай бошлади. Қанийди, тезроқ пишса. Овқатланишарди-да, уйқуга кетишарди. Собиқ ҳукмдорнинг авзойи ҳамон бузуқ эди. Бу ҳолат бесабаб эмас экан, шу вақтда ҳовлига Мирзо Улуғбекни хушламай юрувчиларнинг бири – Аббос исмли аъён бир шериги билан кириб келди ва дафъатан шоҳга ташланди. Икки йил аввал Мирзо унинг отасини катта гуноҳлари учун ўлимга ҳукм этганди. Аббос янги ҳукмдор – Абдулатифнинг олдига кириб, мен отамнинг хунини олишим керак, рухсат беринг, ўз вазифамни бажаришим керак, деганди ва бунга изн олганди, яъни шоҳлик қилаётган ўғил ўз отасининг ўлдирилишига рози бўлганди!..
Улуғбекнинг навкарлари ва Ҳожи Муҳаммад Хисрав қўрқиб кетиб, уйнинг бурчагига бориб бекиндилар. Ҳамроҳлар ўз бурчларига содиқ қолиб, курашиш ўрнига жонларини аяб, буюк зотнинг калласи олинишига мўлтайиб қараб туравердилар… Улар, уч-тўрт қуролланган киши бўла туриб, икки қотилга қарши чиқишга ботинмадилар…
Ҳа, ботинмадилар!
Аниқроғи, қўрқоқлик қилдилар.
Қўрқоқлар ўлмайдилар, яшайдилар. Лекин, одатда, қул мисол умр кечирадилар. Бошқаларни сотиб, бола-чақа боқадилар.
Ботирлар, ботинувчилар, одатда, ғалаба қозонадилар. Улар қулликдан кўра ботиниб яшашни афзал кўрадилар. Ва бу дунёни бошқарадилар.
Қайси халқнинг ботинувчилари кўп бўлса, у ғолиб халқдир…
«Буюк Амир Темур ёқути»! Сиз жуда кўп йиллар темурийзодаларнинг мулки ҳисоб ланиб, Самарқанд хазинасининг кўрки бўлиб турдингиз. Чўғдек юзингизга учинчи ёзув ҳам туширилди. Имоним комил, сиз бу ҳарфлар тизмасидан фахрлангансиз. Чунки Мирзо Улуғбек номи фақат сизга эмас, фалакдаги юлдузларга ҳам битилган.
Сафавийлар…
Сиз Эрон ва Озарбайжонда узоқ давр ҳукмронлик қилган бу шоҳлар сулоласи ҳақида эшитганмисиз? Агар озгина бўлса ҳам тарихга қизиқсангиз, албатта, билишингиз керак. Ҳар қандай онгли инсон ўз халқининг, ўз ватанининг тарихи ва ўтмишини яхши билиши керак.
Сафавийлар, энг аввало, туркийлардир.
Ушбу кунларда турк деганда фақат Туркияда яшовчи халқ тушуниладиган калтафаҳмлик замони ўтди. Улар ҳам, озарбайжонлар ҳам Сирдарё бўйларида яшаган Салжуқ бошчилигидаги катта туркий уруғнинг авлодларидир.
Сафавийлар Ордобилда (ҳозирги Эрон ҳудудида) яшовчи шайхлардан чиққан сулоладир. Бу авлоднинг ҳам сизга алоқаси бор. Ўзингиз нима дейсиз, вужудингизда ахборот қолганми бу ҳақда?
– Маълумот