Буюк Амир Темур ёқути. Озод Муъмин
йил 24 октябрдан Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ номи билан бобурийлар тахтига ўтирди.
Аббос Сафавий 1606 йилда биринчи бор Қандаҳорни эгаллашга уриниб кўрди. Бироқ, ҳаракатлари зое кетди. Аббосшоҳ бу билан тинчлана қолмади. Нима қилиб бўлса ҳам ўз мақсадига эришишга интилди…
…1611 йили бобурийлар саройига Аббос Сафавийнинг элчилари катта совғасаломлар билан кириб келдилар. Улар бу ташрифларининг сабабини, албатта, икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни ўрнатиш йўлидаги эзгу қадам деб айтдилар. Бу ниятнинг самимийлигини исботлаш учун бошқа қимматбаҳо туҳфалар қатори «Чироғи олам»ни ҳам инъом этдилар…
Натижада, ушбу жавоҳир яна темурийлар қўлига ўтди.
Аббосшоҳнинг элчиси Аграда икки йил яшади. Атрофни обдан кузатди. Саройидаги гап-сўзлардан, сир-асрорлардан хабардор бўлиб турди. Бобурийлар ҳам дўстона қўл узатиб, 1613 йили ўз вакилларини Табризга юбордилар. Сафавийлар бу билан чекланмадилар. 1615 йилда улар яна ўз одамларини Ҳиндистонга жўнатдилар. Кўп вақт ўтмай, 1617 йил Аббос Сафавий яна ўз элчиларини Жаҳонгиршоҳ ҳузурига жуда катта туҳфалар билан юборди. Бироқ Озар ва Эрон элининг подшоҳи бу билан қониқмай, уч йил ўтгач яна бир қатор одамларни совқа-саломлар билан Ҳиндистонга жўнатди. У бу йўл билан икки қуённи урди, яъни, биринчидан, бобурийлар сафавийларнинг муносабати чиндан ҳам самимий эканлигига ишониб қолдилар, иккинчидан, у Ҳиндистондаги ички вазиятдан бохабар бўлиб турди. Бу пайтга келиб, Жаҳонгиршоҳ Қандаҳор ҳимоясига яхши эътибор бермай қўйди, сарой эса ўзаро ички жанжаллар гирдобига тушиб қолди. 1622 йилда қулай фурсат туғилди ва Аббосшоҳ кутилмаганда ҳужум уюштириб, Қандаҳорни қамал қилди ва қирқ беш кун деганда шаҳарни эгаллади.
Жаҳонгиршоҳ ўғли Шоҳжаҳонга катта қўшин бериб, Қандаҳорни қайтариб олишни буюрди. Шоҳжаҳон эса бетоб ётган отасини ташлаб узоққа кетса, тож-тахтдан ажралиб қолишини ўйлаб, бу фармонга бўйсунмади.
«Чироғи олам»даги ёзувларнинг ўчирилишига доир тахмин.
Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ қаттиқ изтиробга тушди. Аббос Сафавийнинг маккорлиги уни қаҳр-ғазабга тўлдирди. Наҳотки инсон шу даражада тилёғлама бўлиши мумкин?! Ахир у ҳам туркий ва мусулмон-ку! Ҳа, душман, барибир, душман экан. Шоҳлар буни жуда яхши билишлари лозим. Ғанимнинг ширин гапларига, совға-саломларига асло учмаслик керак эди.
Жаҳонгиршоҳ ҳузурига ҳеч кимни киритмасликни буюриб, у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. У жуда одил подшоҳ деб ном чиқарган эди, бироқ жаҳли чиққанда ҳаддан ташқари қаттиққўл бўлиб кетиши ҳеч гап эмасди, шунинг учун кўп аъёнлари унинг тўсатдан келадиган ғазабидан чўчишарди. Жаҳонгиршоҳ табиатни севар, нозик ҳистуйғуларга бой, адабиёт жону дили эди. У ўз қўли билан «Жаҳонгиршоҳ тузуклари» деган асар ҳам битганди.
Ниҳоят, у озроқ чалғиш ниятида қўлига қалам олди. Бироқ, дилини мушук тимдалайверди. Қаламни қўйиб, ўйга чўмди. Дафъатан ёдига жавоҳиротлар тушди. Ҳа, жавоҳирлар жилваси қалбидаги ғуборни оз бўлса-да, тарқатиши мумкин. У дунёда фақат ўзида мужассамлашган ноёб тошларни вақти-вақти билан томоша қилиб, завқланиб