Буюк Амир Темур ёқути. Озод Муъмин
давлатининг амирлари Бухорода истиқомат қилаётган аштархонлик (астраханлик) шаҳзода Жонибек Султонни хон қилиб кўтаришга келишдилар. Жонибек Султон 1583–1598 йилларда ҳукмронлик қилган шайбонийзода Абдуллахоннинг (бу хоннинг ҳаёти ва қаҳрамонликлари тўғрисида Ҳофиз Таниш Бухорий томонидан ёзилган «Абдулланома» китоби мавжуд) синглисига уйланганди, шу боис у шайбонийзодаларга қариндош ҳисобланарди. Лекин, Жонибек Султон тахтдан воз кечди. Натижада унинг катта ўғли Динмуҳаммад хон этиб сайланди. Бу пайтда у сафавийлар қамал қилиб турган шаҳар Обивардда эди. У Бухорога етиб кела олмади, йўлда ҳалок бўлди. Шундан сўнг, иккинчи ўғил Боқиймуҳаммад хонликка кўтарилди, учинчи фарзанд Валимуҳаммад эса валиаҳд деб эълон қилинди ва урфодатга кўра Балхга ноиб этиб жўнатилди. Шундай қилиб, юртимизда янги сулола – аштархонийлар ҳукмронлик қила бошладилар. Бу 1599 йил рўй берди.
Валимуҳаммадхон чуқур ўйга чўмди. Фалакнинг ўйини жуда ажаб экан. У ёшлигида ҳеч қачон хонликни орзу қилмаган эди. Унинг нияти, нари борса, бирор вилоятга ҳукмронлик қилиш, адолатли сиёсат юритиш ва шайбонийзодалар олдида обрўэътибор қозониш эди. Лекин, мана олти йилдирки, акаси Боқиймуҳаммадхон вафот этгандан бери бутун Мовароуннаҳр тожтахти ўзиники. Аввалига уни валиаҳд деб эълон қилиб, Балхга ноиб этиб юборишди. Сўнг яна Бухорога қайтди. Азим мамлакатнинг азим бойликлари, хазинаси ўзининг ихтиёрида. Сандиқ-сандиқ олтинлар, сандиқ-сандиқ дуру жавоҳирлар ҳар қандай кимсанинг бошини айлантириб қўяди, буларга эга чиқиш ҳавасини уйғотади, буюк мамлакат одамларига ҳукмронлик қилиш орзусини қўзғатади. Мана, ўз қариндоши Имомқули жуда аҳмоқ экан, шу кўйга тушибди. Валимуҳаммадхондек кимсанинг кўзини шамғалат қилиб, барча амирларни ўз томонига оғдирибди. Энди суиқасд уюштирмоқчи. Ҳозир куч унинг томонида. Нима қилса экан? Бу рақобатчилик беомон. Бунинг устига, икки ўғли ҳам нобуд бўлиши мумкин. Лекин, Имомқули чучварани хом санабди. Валимуҳаммадхон унинг ўзини янчади.
Кеч тушиб қолганига қарамай, хон хазиначини ва шаҳзодаларни ҳузурига чорлади…
Вақт ярим кечадан ўтар-ўтмас улар қиёфаларини ўзгартириб, бир нечта навкарлар билан бирга шаҳар дарвозаларидан чиқишга улгурдилар…
Сафавийлар давлатининг пойтахти Табриз уларни илиқ кутиб олди. Аббос Сафавийнинг муҳташам саройи Валимуҳаммадхоннинг пойқадамига мунтазир эканлиги билдирди. Мовароуннаҳр хони Озарбайжон ва Эрон шоҳи ҳузурига кирди. Валимуҳаммадхон олиб келган ноёб ва қимматбаҳо совғаларини шоҳга топширди. У энг камёб жавоҳирни алоҳида тортиқ қилди.
– Ҳазратим! Мана бу совға хазинангизнинг кўрки бўлғусидир. Бундай ноёб ёқутни ҳали ҳеч ким кўрмаган. Бу, «Чироғи олам» номи билан донг таратган жавоҳирдир.
Аббос Сафавийнинг кўзлари чақнади, чеҳрасига табассум югурди.
– Ғоят миннатдормен, олий ҳазрат! – деди у, улкан ёқутни қўлига олар экан. – Бунинг юзига ҳарфлар ҳам битмишмилар! Буюк Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, Мирзо Улуғбекларнинг муборак номлари-ку, бу! Ҳа, биз ҳам буюрурмиз.