Тасаввуф алломалари. Хамиджон Хомидий
қўрқуви бўлмаслиги, нарсаларга ибрат кўзи билан боқмаслик, насиҳатни эшитиб, қулоққа олмаслик.
Аллоҳдан қўрқуви бўлмаган бандаларга Аллоҳ ғазабини йўллайди.
Илгари олим одам молини илм йўлига сарфлар эди. Бугун-чи? Илми орқали мол-дунё тўплайди.
Бир киши Зуннуннинг олдига келиб деди:
– Эй Зуннун, қарздорман, ҳеч нарсам йўқ.
Зуннун ерда ётган тошни олиб, дуо ўқиди ва қарздорнинг қўлига берди. У тошни бозорга олиб бориб, тўрт тиллога сотди ва барча қарзларидан озод бўлди.
Аллоҳ бандасининг нафсини унга хор қилиб кўрсатиши уни улуғ қиладиган ҳар қандай нарсадан азизроқ ва муҳимроқдир.
Тўғри сўз Аллоҳнинг ердаги қиличидир, ниманинг устига тушмасин, албатта, уни кесади.
Аллоҳга яқин бўлиш ёрқин нурдир, халойиққа яқинлик ғамнинг ўзидир.
Қилган амали билан мақтанган кишининг яхшилиги ёмонликка айланади.
Ҳожат сўрасанг ҳоким тили билан эмас, фақир забони билан сўра.
Маърифатнинг ҳақиқати ҳайратдир.
Зоҳидлар охират подшоҳидир ва орифлар зоҳидлар подшоҳидир.
Аллоҳнинг зикри менинг жонимдир, ҳаё эса менинг либосимдир.
Мурид талаб қилади ва мурод қочади.
5. ФУЗАЙЛ ИБН ИЁЗ
Тасаввуф тарихида сўфийлар ҳаёти ва фаолиятида ажабтовур воқеалар, фавқулодда ҳодисалар, ногаҳоний таъсир натижасида янги ҳаёт тарзини бошлаш ҳолатлари кўп учрайди. Машҳур Шайх Фузайл ибн Иёзнинг ҳаёт йўли ҳам ана шундай кечган.
Фузайл тахминан 110/728 йилда Марв шаҳрида туғилган. Унинг болалик ва йигитлик онлари Сарахс, Обевард шаҳрида ўтган. Фузайлнинг йигитлик палласида инсонпарвар, адолатпарвар, халққа зулм ўтказадиган ҳукмрону зодагонларга нафрат кўзи билан қарагани учун йўлтўсарлар гуруҳига қўшилиб кетгани, сўнг тавба қилиб, ирфон йўлига ўтиши ҳақида кўплаб ривояту ҳикоятлар тарқалган.
Нақл қилишларича, Фузайл Марв саҳросида чодир тикиб, бошига қора қалпоқ кийиб, бўйнига тасбеҳ тақиб, уззукун ибодат билан машғул бўлар ва шу ҳоли билан қароқчиларнинг бошлиғи эди. Йўл тўсиб, карвонларни ғорат қилар, қўлга киритилган ўлжани ҳалол тақсимлар, жамоатсиз намоз ўқимас эди.
Кунларнинг бирида Фузайл янги карвон ўтишини пойлаб, пистирмада ўтиради. Карвонда болали аёл бўлиб, боласи бақириб йиғлайди. Боласини юпатиш учун она дейди:
– Эй кўзимнинг нури, болам, жим бўл! Фузайл овозингни эшитса, бизларни талайди.
Фузайл онанинг сўзларидан ҳушёр тортиб, қилмишидан пушаймон бўлади:
– Наҳотки оналар менинг номимни айтиб, фарзандларини қўрқитиб, тинчлантирадиган даражага етган бўлишса?
Фузайлнинг юрагига ўт тушиб, бошини саждага қўяди ва ихлос билан тавба қилгач, карвондагиларга омонлик беради. Карвондагилар унинг сўзларини эшитиб, хотиржам йўлларига равона бўладилар.
Қароқчиликни ташлаган Фузайл кўп шаҳарларни кезиб, машойих суҳбатидан баҳраманд бўлади. Куфа шаҳрида Мансур ибн Мўътамар, Имом Жаъфар Содиқ, Сулаймон Тамимий, Ҳамид Товал, Яҳё Ансорий каби донишмандлардан