АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд). Сирожиддин Саййид
* *
Бобомдан қолган эй сўзлар, аё сўзлар,
Менга дармону қувват ҳам даво сўзлар.
Бобом қурган саройлар ичра сизлар ҳам
Буюк бир қўрғонсиз даҳр аро, сўзлар.
Менинг шаъну ғурурим ҳам шараф-шоним,
Турар дунё турар то бу бино, сўзлар.
Жаҳонгирлик била фатҳу зафарлардин
Дилимга сиз берибдирсиз сафо, сўзлар.
Ики кафтин очиб тургандайин бобом,
Қолибдурсиз менга мисли дуо, сўзлар.
Жам ўлмиш ҳарбу зарбнинг санъати сизда,
Гувоҳдир оламу арзу само, сўзлар.
Жаҳон то олгуси давлатчилик дарсин,
Жаҳон давлатлари сизларда жо, сўзлар.
Мисоли наррашернинг наърасидирсиз,
Берурсиз то қиёмат сиз садо, сўзлар.
Улуғвор салтанат шундоқ бино бўлмас,
Кўрибсиз қанчалар жабру жафо, сўзлар.
Оғирдир подшоҳлик бирла бахт йўли,
Бўлингиз менга ҳам сиз раҳнамо, сўзлар.
БУ МИРЗОЛАР
“Бу мирзолар андоқ ифрот22 била фисқ ва айшға машғул эдиларким, отасидек кордида ва кордон 23 подшоҳ тушчилик йўл келиб, рамазондек мутабаррак ва азиз ойға кечалик фурсат қолиб, отасидан ийманмай, Тенгридан қўрқмай, ҳануз иши чоғир ичмак эди нашот24 била, мажлис оролиқ эди инбисот25 била. Муқаррардурким, мундоқ бўлғон киши андоқ шикаст топқай ва бу навъ ўтган элга ҳар ким даст топқай26”.
Бу мирзолар разилликсиз,
риёсиз сайрай олмаслар,
Бу мирзолар фасоду айшу
майсиз яйрай олмаслар.
Бу мирзолар тилини ғийбату
фисқ бирла қайрабмиш,
Бу мирзолар қилични лек
қиличга қайрай олмаслар.
Бу мирзоларнинг ортида
яна мирзолари бордир,
Бу мирзоларга юрт бермангки,
ҳаргиз асрай олмаслар.
“ТЕМУРБЕК СОЛҒОН ИМОРАТЛАР…”
“Темурбек солғон олий иморатлардин бири Кўксаройдурким, Самарқанднинг аркида воқиъ бўлубтур. Ажаб хосиятлиқ имораттур. Темурбек авлодидин ҳар ким бош кўтариб тахтқа ўлтурса ҳам мунда ўлтурур, ҳар ким тахт доияси била бош қўйса ҳам мунда қўяр…”
“Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур. Бешинчи иқлимдандур… Шаҳри Самарқанддур, вилоятини Мовароуннаҳр дерлар… Темурбек пойтахт қилиб эди. Темурбекдин бурун Темурбекдек улуғ подшоҳ Самарқандни пойтахт қилғон эмастур…”
“Темурбекнинг ва Улуғбек мирзонинг имороти ва боғоти Самарқанд маҳаллотида кўптур. Самарқанд аркида Темурбек бир улуғ кўшк солибтур, тўрт ошёнлиқ, Кўксаройға мавсум ва машҳур ва бисёр олий имораттур. Яна Оҳанин дарвозасиға ёвуқ қалъанинг ичида бир масжиди жумъа солибтур, сангин, аксар Ҳиндустондин элтган сангтарошлар анда иш қилибтурлар. Масжиднинг пештоқи китобасида бу оятни “Ва из ярфау Иброҳимал-қавоида (ило охириҳи)”
22
Ифрот (араб.) – ҳаддан ошмоқ.
23
Кордида ва кордон (форс.) – иш кўрган, иш билувчи, тажрибали.
24
Нашот (араб.) – шодмонлик, севинч.
25
Инбисот (араб.) – шодлик, хурсандчилик.
26
Бундай элни ҳар ким енга олади маъносида.