АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд). Сирожиддин Саййид
мақоласидир,
Ҳар бир нома –
Тақдирнома.
Неча бир ҳукмронлардан,
Амирлардан, хоқонлардан,
Давлатлару давронлардан
На ном қолди,
На бир нома.
Бобур чеккан изтироблар,
Ранжу заҳмат ҳам азоблар,
Буюк ҳижронидан боблар,
“Бобурнома” –
Жабрнома.
Юрагининг ҳар бир зарби,
Зафарлари, ҳарбу зарби,
Ҳар бир ҳарфи – кескир, ҳарбий,
Ҳар бир нома –
Ҳарбийнома.
Буни Бобур ўзи қурган,
Қалб қонию сўзи қурган.
Тожмаҳалдан ҳам зўр қўрғон,
“Бобурнома” –
Кабир нома.
Шерюракли мард ўғлонлар,
Ёвқур беклар ва султонлар
Яшар яна минг замонлар.
“Бобурнома” –
Ботирнома.
Умри ўғлига бахш кетган,
Ўз сўзини кафан этган,
Ўзини ўзи дафн этган.
Қалбда қолди қай бир нома?
“Бобурнома” –
Хотирнома.
Бу – менинг ҳам дил достоним,
Шунча эканми армоним?
Қандай чидабсиз, султоним?
Сабрнома “Бобурнома”,
Сабрнома “Бобурнома”.
УМАРШАЙХ МИРЗО14
“Равон саводи бор эди. “Хамсатайн”15 ва маснавий китобларни ва тарихларни ўқуб эди. Аксар “Шоҳнома” ўқур эди. Табъи назми бор эди, вале шеърға парво қилмас эди”.
*
“Шоҳнома” ўқийди Умаршайх мирзо,
Ўқир “Хамсатайн”лар оҳномасини.
Билмаски, ўз ўғли айлагай иншо
Бир буюк миллатнинг шоҳномасини.
* * *
Шоҳ шоирнинг оҳномаси – “Бобурнома”,
Ҳарбу зарб, жанггоҳномаси – “Бобурнома”.
Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си бордир агар,
Туркийларнинг шоҳномаси – “Бобурнома”.
ЎН ИККИ ЁШЛИ БИР ТЕМУРИЙЗОДА
“Тенгри таолонинг инояти билан ва ҳазрати он Сарвари коинотнинг шафоати билан ва чаҳорёри босафоларнинг ҳиммати бирлан сешанба куни рамазон ойининг бешида тарих секкиз юз тўқсон тўққузда Фарғона вилоятида ўн икки ёшта подшоҳ бўлдум”.
Муштарий ярқирар авжи фазода,
Мовароуннаҳр яна низода.
Миррих ва ё Зуҳал тўзғитдими чанг –
Ерда бошланади тўполон ё жанг.
Ҳали хаёллари тиниқ ҳам содда –
Ўн икки ёшли бир Темурийзода.
Ҳали отаси ҳам жардан учмаган,
Кўнгил полапонин ҳижрон қучмаган.
Хаёли кўкдаги каптарлардадир,
Билмаски, бор умри хатарлардадир.
Билмас, не битилган ҳукми қазода,
Ўн икки ёшли бир Темурийзода.
Қирда чопиб юрган қулунларки бор,
Дашту кенгликларни айлар ихтиёр.
Ҳали майсадайин ўйловгинаси,
Энди хат чиқармиш мўйлабгинаси.
Қўлдаги
14
Умаршайх мирзо – Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отаси, соҳибқирон Амир Темурнинг ўғли Султон Муҳаммаднинг ўғли Султон Абусаиднинг ўғли, Фарғона вилоятининг подшоси. У 1494 йилда вафот этгач, тахтга 12 яшар Бобур ўтиради.
15
“Хамсатайн” (араб.) – икки бешлик. Икки “Хамса” (Низомий ва Хисрав Деҳлавийлар “Хамса”си).