АСАРЛАР (II жилд). Сирожиддин Саййид
target="_blank" rel="nofollow" href="#n2" type="note">2
Дўндим шохдан тушган мискин япроққа,
Саҳар ели сочгил мени, бур мени.
Ғуборимни кеткиз бундан йироққа,
Ёрнинг нозик оёғина сур мени.
Олдим созни, чиқдим ғурбат кўрмакка,
Ёниб ёра келдим юзим сурмакка.
На ҳожат бор уни, буни сўрмакка,
Сендин айро на ҳол бўлдим, кўр мени.
Ой нурлари тушар созим устина,
Сўз сўйлаган йўқдир сўзим устина,
Кел эй, ҳилол қошлим, тиззам устина,
Ой бин ёндан, сен бир ёндан ўр мени.
Неча йилдир боролмадим юртима,
Бир ҳамдард ҳам изламадим дардима,
Келажаксан бир кун тушиб ортима,
Оғуш эмас, юрагинг-ла сўр мени.
ДУНЁ ҚИССАСИ
Дунё, сенинг аламларинг ҳар он чиқар,
Бир ёнинг мунг, бир томонинг шодмон чиқар.
Сен ўйинсан, не зотлар саргардон чиқар,
Қанчалари сен бирла андармон чиқар.
Доноларинг рафторингни илғаб кетган,
Найрангларинг бағирларин тиғлаб кетган.
Кун кўрмайин бутун умр йиғлаб кетган,
Алар бари наҳот энди нодон чиқар?
Биров сени вайрон дейди, барбод дейди,
Биров эса ғурбат дейди, фарёд дейди.
Яна биров қўш эшикли работ дейди,
Кимдир йиғлаб, кимдир эса хандон чиқар.
Боқиймидур сенинг ранжу жабрларинг?
Сен чигал туш, айтиб бўлмас таъбирларинг.
Қайда қолди Улуғбеклар, Бобурларинг,
Яна қачон алар янглиғ султон чиқар?
Мен ҳам сенинг кўйларингда тўкилганман,
Меҳр истаб, қумлардаги юлғундайман.
Кўнглим қолган сендан ҳам, ўз кўнглимдан ҳам,
Менга берган ул гулларинг сўлғон чиқар.
Кўксим ичра умидларим ачийдилар,
Сени бунча талашиб ҳам ташийдалар?
Булар охир бир-бирларин ғажийдилар,
Мен дил берган инсонларинг ҳайвон чиқар.
Қасрлари қолгай ўйлаб қарасалар,
Умр ўтиб, даврон кетиб қарисалар,
Қаро ерни бориб бир кун қазисалар,
Ҳамма учун бир хона, бир айвон чиқар.
ТАЖДИД
Юз минг ғамдир бу олам,
Юз минг ғамга қалошиб
Ошиқлари ўтгайлар
Юз минг ўру қир ошиб.
Ҳар хасда юз минг ҳикмат,
Ҳар касда юз минг тоқат,
Ҳар дилга юз минг ҳасрат
Кетаётир илошиб.
Ҳар бир лаҳза юз минг ранг,
Ҳар бир тош юз минг жаранг,
Ҳар сукут юз минг оҳанг
Беролгайдир улошиб.
Бир жонга юз минг жафо,
Бир бошда юз минг савдо,
Бу невчун шўру ғавғо,
Кетолмас ҳеч ярошиб?
Жисм иқлимларининг
Юз минг хил об-ҳавоси,
Юз минг хил дил балоси
Ўтар нени талошиб?
Юз минг гулдир бу ҳижрон,
Юз минг кўнгил бу армон,
Юз минг руҳдир бу осмон
Бошинг узра қарошиб.
Юз минг лола бу нолам,
Юз минг сирдир бу олам,
“Юз минг валилар ўтди
Сирни