АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб. РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ
Мансур ҳам бунга кўниб, осойишта ётибди. Шу дамда навжувон табиб қиёфасида соҳиб карам ҳаким – ўзи зор-зор бўлиб кутган эзгулик элчисини кўрган бўлса ажаб эмас.
Ниҳоят Ҳусайн бошини кўтариб, амирга қаради. Нуҳ ибн Мансур ҳамон унга тикилиб ётар эди.
– Сизни ортиқ безовта қилмасмен.
– Дардим не эркан?
– Ичакларда ҳазми таом бузилган.
– Ҳарорат-чи? Ҳар кун тушдан сўнг иситма хуруж қилмоқда.
– Кучли дорулар танани жунбушга келтирган. Ҳарорат шунинг натижаси. Айни шароитда ул муолажалардан воз кечмоқ лозим.
Ёш табибнинг нозик муомаласи, одоби Нуҳ ибн Мансурни лол қилганди. Унинг билимдонлигига беихтиёр тан берди:
– Ихтиёр сизда.
Амирнинг ишончи Ҳусайнни янаям руҳлантирди. Энди сира чўчимасдан тавсиялар бермоққа киришди:
– Улуғ амирим, наҳорга икки дирҳам найшакарни кашнич билан истеъмол қилмоғингиз фойдадан ҳоли бўлмас. Бу аъмол ҳароратни бартараф этмоғи тайин. Қадимнинг машҳур табиби Буқрот38 “Табиат даволайди – табиб эса ёрдам беради”, деганлар.
– Дардимға даво борми?!
– Албатта бор, амирим.
– Амалингиз шулми?
– Тоза мўмиб39 истеъмол қилмоққа бошласангиз ичаклар, шунинг баробарида жигарга фойда.
– Дуруст.
– Унноб40 меваси оғриқларни қолдириш баробарида танага қувват бағишлагай. Зира чойи ҳам шундай хусусиятга эга.
Амир унинг сўзларини диққат билан тинглаб, шифтга чизилган анвойи нақшларга тикилиб ётарди. Ҳусайн амирнинг ботинидаги хавотирни сезди.
– Амирим, маъжун41 тайёрлаб келмоққа ижозат берсангиз? Иншооллоҳ, маъжун дарҳол таъсир кўрсатгай. Ундан сўнг ихтиёрингиз билан яна бир тадбир кўрурмиз.
Ёш табибнинг ишонч билан айтганлари Нуҳ ибн Мансурга таъсирини ўтказмай қолмади. Юз-кўзларида жонланиш пайдо бўлди. Овози дадиллашиб, Ҳусайнга сўз қотди:
– Зудлик билан амалингизни бошланг! Сарой дорихонаси ихтиёрингизда бўлгай. Шул дақиқадан истаган пайтингизда ҳузуримизга келмоққа ижозат бердик.
* * *
Ҳусайн кексайиб қолган ал-Қумрий билан қалъадан қайтар экан, амир ҳузуридаги суҳбат хаёлида жонланди. Энди амирнинг хасталиги унга беш қўлдек аён эди. Отаси ваҳимага тушган, устози масъулиятидан эгилган қалъага ташрифлари эзгулик ила якун топмоғига қатъий ишонди.
Ёғиб ўтган баҳор ёмғири Бухоро кўчаларининг чангини босган. Йўл четларидаги ўрикларнинг япроқлари ҳам ёмғир томчиларида ювиниб, ороланган. Булутлар ортидан чарақлаб чиққан қуёшнинг илиқ нурлари жим ва шошиб бораётган икки йўловчининг бошларини ардоқлаб силайди. Деворнинг ҳам қулоғи бор, гарчи бу шаҳарда сир бўлмасада, бирор кимсага амирнинг хасталигини айтмоқ мумкин эмас. Бухоронинг гавжум гузарлари-ю, тор кўчаларида изғиб юрган хуфиялар бисёр. Ал-Қумрийни бош табиб Ғайс ибн Ваққоснинг ғайирлик билан қилган муомаласи янада чўчитиб қўйди.
Ҳусайн амирнинг хосхонасидан чиққанида ал-Қумрий “Уйда сўзлашурмиз”, деган эди. Ҳусайн устозининг ишорасини дарҳол тушунди.