МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ. ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
Бундай хатларни мен ҳам олиб тураман. Бундай хатларни отам ҳам олган. Шундай кезларда отам бошини чайқаб дер эди:
– Ёш йигит уйланишни хоҳлаяпти-ю, лекин кимга уйланишни билмаяпти. Кўз остига олиб қўйган қизи йўқ, кимга совчи жўнатишни билмасдан ҳайрон.
ЭСДАЛИКДАН: Бир куни Абутолибдан Доғистон Ёзувчилар уюшмасига ариза тушди. У олис овуллардан бирига ижодий сафарга жўнатишимизни сўраганди. Бошқарув аъзоларидан бири муҳокама пайтида Абутолибдан нима ҳақда ёзмоқчисиз деб сўраб қолди. Кекса шоир ранжиб деди:
– Овга кетаётган овчи тоғда унга қуёнми ё ғоз, бўрими ё қизғиш тулки учрайдими, қаёқдан билади? Жангчи олдиндан жангда қандай қаҳрамонлик кўрсатишини биладими?
Мен ҳам ўша мажлисда қатнашгандим ва Абутолибнинг сўзлари хотирамга муҳрланиб қолди.
Ҳар доим мени ёзувчиларга яқин йилдаги режаларингизни сўзлаб беринг, дея қилинган илтимослар таажжубга солади. Албатта, ёзувчилар ҳам ёзмоқчи бўлган нарсаларининг умумий йўналишларини чамалаб қўйишади. Эҳтимол, роман ёки трилогия ёзишни режалаштириш мумкиндир, лекин шеърни… Шеърлар ҳар доим кутилмаганда, бир туҳфадай келади. Шоирнинг иш тартиби бирон-бир қатъий режага бўйсунмайди. Ахир, олдиндан қандай қилиб шундай режа тузиш мумкин:
«Бугун мен соат ўнда кўчада бир қизни учратиб, севиб қоламан. Ёки эртага кечқурун соат бешда қандайдир ярамасдан чексиз нафратланаман».
Шеър кўз олдингда турган тувакдаги ёки гулзордаги гул эмас. Агар у гул бўлса, тоғ яйловидаги гулга ўхшайди, ҳар қадамда янгиси, чиройлироғи учрайдиган.
Туйғулардан мусиқа туғилади, мусиқадан туйғулар туғилади. Қайсисини биринчи ўринга қўйиш керак?
Худди кўпчиликни ўйлантирадиган саволга ўхшайди, нима олдин пайдо бўлган: тухумми ё товуқ? Худди шундай: ёзувчи мавзуни танлайдими, ё мавзу ёзувчиними? Мавзу ёзувчининг дунёси, ёзувчининг ўзи. Ёзувчи мавзусиз мавжуд эмас. Ҳар бир ёзувчининг ўз мавзуси бор.
Фикр ва туйғулар – қуш, мавзу – осмон; фикр ва туйғулар – буғу, мавзу – ўрмон; фикр ва туйғулар – кийик, мавзу – тоғ; фикр ва туйғулар – йўл, мавзу – шаҳар, унда барча йўллар туташади.
Менинг мавзуим – Ватан! Ватанни танлашимга ва излашимга ҳожат йўқ. Биз Ватанни танламаймиз, чунки Ватан бизни аллақачон танлаб бўлган. Самолёт бўлмаса аэродром қурилмайди. Худди шундан ёзувчи Ватансиз бўлиши мумкин эмас.
Бургут товуқлар орасида бемалол юраверса, энди у бургут эмас. Тоғ такаси жамоа хўжалиги отарида ёйилиб юраверса, энди у тоғ такаси эмас. Гулмоҳи аквариумда сузаверса, энди у гулмоҳи эмас.
Самолёт музейда турган бўлса, энди у самолёт эмас, оддий экспонат.
Худди шундай, сайрамайдиган булбул асло булбул эмас.
ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Менга болалигимдан битта манзара ёқади. Отамакон уйимнинг деразаси очилиши билан тоғ ён бағридаги ям-яшил кенглик кўринади, гўё овул оёғи остига ёзилган пояндоз. Қоялар унга таъзим бажо қилишиб қараб туришгандай туюлади. Болалигимдан тоғ ён бағридаги сўқмоқлар илонларни, дарадаги ғорларнинг оғзи йиртқичларнинг оғзини эслатади. Олис тоғларнинг қоялари бир-бирига суяниб олишган. Тепалари думалоқ,