МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ. ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
қўйилмаган. Аммо мен бир ўзим экинзоримни эплашга қувватим етмаётган вақтда, бошқаларнинг даламга келишини тақиқламайман. Менинг даламнинг чегарасида милтиқ кўтарган қоровул ҳам йўқ, ит ҳам боғланмаган. Ҳеч қандай чегара тортилмаган. Менинг мавзуим ман этилган яйлов ёки масжиддаги истаган одам бориб туриши мумкин бўлмаган тақиқланган жой эмас.
Доғистон ёзувчилари съездида баҳс қизиган пайтда битта нотиқ шундай деди:
– Доғистонлик ёзувчиларнинг бошқа мамлакатлар, бошқа халқлар ҳақида ёзишининг нима кераги бор? Испания ҳақида испанлар, Япония ҳақида японлар, Уралдаги улкан саноат қурилишлари ҳақида Уралда яшайдиган ёзувчилар ёзишсин. Агар қушнинг уяси бир боғда бўлса, бошқа боққа бориб сайрамайди-ку. Тоғнинг тошлоқ жойидан тупроқни олиб водийга ташиш шарт эмас, текисликда шундай ҳам унумдор тупроқ бор. Ахир, думба жизза емоқчи бўлган одам қозонга сариёғ сурмайди.
Съездда ўзга республикадан келган меҳмон ҳам қатнашаётганди. У нотиққа шундай жавоб берди:
– Ҳайвонларнинг ўз ини, қушларнинг ўз уяси бор. Аммо Қуёш барча мавжудотга бирдай нур таратади, ёмғир барчасининг устига бирдай ёғади. Камалак барча кўзларни бирдай қувонтиради. Чақмоқ нури баланд қояларга ҳам, чуқур дараларга ҳам тушади. Момақалдироқ овози ўша жойларга бир текис таралади. Ажойиб палов ўзга мамлакатдан келтирилган гуручдан тайёрланади. Мен съездингизга узоқдан табриклаш учун келдим. Шу жойга келганимдан кейин сизнинг тоғларингизга, денгизингизга, олийҳиммат эркакларингизга, гўзал аёлларингизга нисбатан меҳрим уйғонди. Агар мен уйга қайтгач, шу жойда кўрганларим ҳақида ёзсам юртдошларим фақат хурсанд бўлишади. Агар сизнинг ёзувчиларингиз ҳам менинг юртим ҳақида ёзишса бунинг сира зарари йўқ. Севиш эркин бўлгандай, ёзувчининг ҳам нимани ёзиши эркиндир. Ахир, севги юракдан жой олаётган вақтда рухсат сўрамайди-ку!
Унинг сўзлари ўткир ўқдай нишонга теккани учун съезд қатнашчилари меҳмонни олқишлади. Мен ҳам унинг фикрини маъқуллаганимни билдириш мақсадида қарсак чалдим ва яна мавзу ҳақида ўйладим.
Ўзга мамлакатлар, ўзга халқлар ҳақида ёзган яхши, агар сен ўзлигингни топиб олган бўлсанг.
Менинг мўъжаз Доғистоним ва менинг чексиз-чегарасиз оламим. Икки дарё текисликка етганда бир-бирига қўшилади. Икки кўздан оққан ёш икки ёноқдан томчиласа ҳам, улар битта қайғудан ёки битта қувончдан пайдо бўлади.
Безовта шоирнинг кўзларида нам,
Томчи ёшдан қолди ўнг-чап юзда из.
Бир томчиси севинч, бир томчиси ғам,
Бир томчиси севги, бир томчиси муз.
Улар икки томчи: тоза, беғубор,
Улар ожиз, бири-биридан узоқ.
Агарда қўшилса туғилар ашъор,
Ёмғирлар қуяди, чақнайди чақмоқ.
Менинг мўъжаз Доғистоним ва менинг чексиз-чегарасиз оламим. Мана менинг ҳаётим, мана менинг симфониям, мана менинг китобим, мана менинг мавзуим.
Юксак қоялардан учган бургут бепоён водий осмонида парвоз қила олмаса, у ёмон бургут.
Бепоён водий осмонида