МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ. ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
шоир узоқ сафардан иккита бўш шеър ёзиб қайтган вақтда Абутолиб айтиб берганди.
– Қўшиқ айтишни ўз уйингда ўргана олмаган бўлсанг, уйингдан узоқда қандай ўрганиш мумкин? – дея ўз ҳикоясини тугатганди кекса шоир ва фикрини шундай давом эттирганди: – Шоирлар ҳам баъзан кун бўйи тоғма-тоғ юриб ўз бўркини излаган тоғликка ўхшайди, ҳолбуки, бўрк кун бўйи тоғликнинг қовоқ бошида бўлган.
ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Туғилган уйимдан биринчи бор узоқ сафарга йўл олдим. Онам токчага чироқни ёқиб қўйди. Мен кетар эканман, ортга қарадим, яна йўл босиб ортга қарадим, туманлар аро деразамиз токчасидаги чироқ ёғдусига кўзим тушди.
Шу кичкина деразадан таралган ёғду мамлакатлар оша, йиллар оша менинг йўлимни ёритиб турди. Мен туғилган уйимга қайтиб келгач, шу кичкина деразадан ташқарига қарадим. Кўз олдимда бепоён дунё, ўтган йўлларим, йилларим гавдаланди.
Ким ёзувчига мавзу беради? Унга бош, кўз, қулоқ, юрак бериш осонроқ. Ёзувчи мавзуни муҳаббат ёки нафратига асосан эмас, таралаётган ифорига қараб танласа, ўз даврининг нафаси уфуриб турган асарни дунёга келтира олмайди. Улар даврнинг эмас, айнан ўша бир куннинг фарзанди бўлади. Тўғрироғи, улар кар келинга ҳам ўхшаб кетади.
КАР КЕЛИН ҲАҚИДА ҲИКОЯТ. Бир овулда кар қиз бор эди. Бошқа овулдаги йигит бу қизнинг кар эканлигини билмасдан совчи жўнатди. Қизнинг ота-онаси ҳам бу ҳақда айтишмагани учун фотиҳа ўқилди, тўй бошланди. Тўйга кўп меҳмон келди. Келин кўпчилик олдида сир фош бўлишини истамади, дугонасидан ҳар доим ёнида ўтиришини сўради. Дугонаси агар кулгили гап айтилса, кулиш лозим бўлса чап елкасини, борди-ю қайғули гап айтилса, ғамгин тусга кириш лозим бўлса келиннинг ўнг елкасини туртиб қўйишига келишиб олишди. Маълумки, тўйда келиннинг гапириши шарт эмас, агар умуман гапирмаса янада яхши. Шу боис барчаси келишгандай силлиқ кетди. Келин қаерда кулиш керак бўлса жилмайди, қаерда ғамгин қиёфага кириш лозим бўлса қайғули тусга кирди.
Аммо дугонаси келишилган шартни унутиб қўйди ва чап елкани туртиш керак бўлганда ўнг елкани туртди ёки аксинча. Хуллас, барча ғамга ботганда келин кулиб сукунатни бузди, ҳамманинг кўзи қувончдан ёнганда келин афсус чекиб уҳ тортди.
Куёв келинга ажабланиб қараб қўя бошлади ва келиннинг эси жойида эмас деган хулосага келди. Ўша заҳоти келинни келган йўли билан изига қайтарди.
ХУЛЛАС, ҳақиқий ёзувчини кимдир кар келинга ўхшаб чап ёки ўнг елкасидан туртиб туриши шарт эмас. Унга фақат ўз юрагининг оғриғи, ўз юрагининг қувончи қўлига қалам тутқазади. У ўзгалар кулаётгани ва кулаётганларга ўхшаш учун кулмайди ёки атрофдагилари қайғу чекаётгани учун ғамгин қиёфага кирмайди. Ёзувчининг ўзи «тўй»нинг об-ҳавосини белгилаши керак. Яъни ёзувчи, шоир кулганда атрофдагилар ҳам қувончдан яшнаб кетсин, ёки ёзувчи, шоир ғамга ботиб юрагини чангалласа атрофдагилари ҳам ғамдан юрагини чангаллашсин.
Кимки фикримга қўшилмаса, айтиб туришса ёзиш осон деб ўйласа, мен билан бўлиб ўтган қуйидаги воқеадан ибрат олсин.
ЭСДАЛИКДАН: Ўшанда мен Хунзах овулидаги бошланғич