МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ. ҲАМЗАТОВ РАСУЛ

МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ - ҲАМЗАТОВ РАСУЛ


Скачать книгу
гўзаллари ва гўзаллик танлови маликаси менинг мавзуимга кириб келди.

      Непалдаги будда ибодатхонаси, қирол саройи, дунёдаги барча дард, афсун ва жодудан фориғ этувчи йигирма иккита булоқни томоша қилиб, тошли сўқмоқлар орқали Катаман тоғининг энг баланд нуқтасига кўтарилдим. Атрофга назар ташлаб, қадрдон Доғистонимни эсладим. Ҳолбуки, муқаддас булоқ, қадимий ибодатхона ва гўзал саройни томоша қилганимда қалбимда шундай ширин таассурот уйғонмаганди. Шу оддий тоғ манзараси ажойиб архитектура ёдгорлигидан менга қадрлироқ туюлди. Ўйладимки, муқаддас булоқлар эмас, мана шу тоғлар одамларни барча дарддан, афсун ва жодудан фориғ этади. Шунда Непалда кўрганларим китобимга мавзу бўлиб кирди.

      Катта ва сершовқин Калькутта шаҳридан унинг шундоқ яқинидаги кичкинагина қишлоққа келдик. Хирмонда ҳўкизлар билан буғдой бошоқларини майдалашаётган экан. Дунёдаги ҳеч бир музей, ёки улкан театрлардаги томошалар ҳам буғдой пояларини секин янчаётган ҳўкизларнинг юришларидай завқ бағишламаганди. Гўё мен ўзимни овулимга, болалигимга қайтгандай ҳис қилдим. Шунда Калькутта яқинидаги қишлоқни китобимга мавзу қилиб олдим.

      ЎЗИМ ШОҲИД БЎЛГАНМАН, Индонезия тоғларида ҳам ноғорани худди бизнинг тоғликларга ўхшаб чалишар экан, Нью-Йорк кўчаларида черкаска кийган кавказлик юрганди, Истанбул ва Парижда тақдир тақозоси билан бориб қолган кўнгли ярим тоғликлар ҳам яшайди, Лондонда балхар кулоллари тайёрлаган сопол идишлар кўргазмаси бўлганди, Венецияда Цовир овулидан чиққан лак дорбозлари томошабинларни ҳайратга солганди, Питсбургдаги ноёб китоблар сотувчиси менга Шомил ҳақидаги китобни кўрсатганди.

      Қайга бормай, қайда юрмай Доғистонимга хос воқеа-ҳодисаларга кўзим тушди.

      Бир неча қиличбоз битта аскарга ташланса, унинг ҳимояланиши осон эмас. Аскар бир вақтнинг ўзида ҳам олдидан, ҳам ёнидан, ҳам орқасидан қилинаётган ҳужумларни бартараф этиши қийин. Агар аскарга елкаси билан суянадиган қоятош бўлса, шу қояга суяниб маҳоратини ишга солиб бир неча қиличбозга бас келиши мумкин.

      ДОҒИСТОН – мен учун шундай суянч қоя. Қийин дамларимда фақат унга суянаман.

      Саёҳатчилар қайси мамлакатга боришса, ўша мамлакатнинг қўшиқларини олиб келишади. Лекин бу масалада менга қийинроқ, чунки мен қайси мамлакатга бормайин Доғистон ҳақидаги қўшиқларни олиб қайтаман. Ҳар бир янги қўшиқни эшитганда Доғистонимни қайтадан кашф қиламан, Доғистонимга бўлган муҳаббатим янада алангаланади. Жонажон Доғистоним, сенинг мадҳингни куйлашга сўз етишмайди.

      ЁН ДАФТАРЧАДАН:

      – Бургут, сенинг энг яхши қўшиғинг қайси?

      – Баланд тоғлар ҳақидаги қўшиқ.

      – Чағалай, сенинг энг яхши қўшиғинг қайси?

      – Мовий денгизлар ҳақидаги қўшиқ.

      – Қарға, сенинг энг яхши қўшиғинг қайси?

      – Жанг майдонида қолган мурдалар ҳақидаги қўшиқ.

      Адабиётнинг ҳам ўз қушлари бор: бургутлар ва чағалайлар. Бири тоғларни, иккинчиси денгизларни куйлайди. Ҳар бирининг ўз ватани,


Скачать книгу