СИЁСАТШУНОСЛИК. Муқимжон Қирғизбоев
антик сиёсий қарашлар.
3. Сиёсат ва сиёсий муносабатларни христианлик нуқтаи назаридан талқин қилишга уринишлар.
4. Сиёсий фикрларни ривожлантиришда Шарқ мутафаккирларининг роли.
5. Янги ва ҳозирги даврдаги сиёсий қарашлар эволюцияси.
1. Шарқда шаклланган дастлабки сиёсий
таълимотлар
Сиёсий қарашларнинг шаклланиши ва қарор топишида ўзига хос миллий ва умумбашарий анъаналар бир неча минг йиллар давомида ривожланиб борди. Дастлабки минг йилликларда жамиятдаги сиёсий ҳодисаларга нисбатан турли хил қарашлар шаклланди. Энг қадимги халқлар ҳисобланган – мисрликлар, хитойликлар, ҳиндлар, бобилликлар, яҳудийлар, форслар, юнонлар ва римликлар ўз сиёсий қарашларида жамиятдаги яшаш тартиботларини таъминлаб туришни илоҳий кучларга боғлаганлар. Улар Худони инсон ҳаёти ва жамият фаолиятининг асосий сабаби ва манбаи деб тушунган. Албатта, бу халқларнинг динлари турлича бўлсада, уларнинг сиёсий қарашларга доир умумий қарашлари ҳам учрайди.
Қадимги даврларда Шарқ мамлакатлари ўртасида маданий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларда ўзаро муносабатлар ривожланди. Буюк Ипак йўли ва бошқа иқтисодий-маданий алоқалар шаклларининг пайдо бўлиши натижасида қадимги Хитойда адолатли давлат ва жамият бошқарувини барпо этиш, фуқаролар учун инсоний шарт-шароитларни яратиш тажрибаси нафақат Марказий Осиё, балки Европадаги сиёсий қарашлар тарихига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди.
Қадимги Хитойда император ер юзидаги тартибларни илоҳий тартиблар билан боғлаб турувчи ягона шахс деб қараш русумга кирди. Давлат ҳокимиятининг турли даражаларида фаолият юритаётган мансабдорлар эса император ҳокимиятининг тартиботларини амалга оширувчилар ҳисобланди. Хитой императори нафақат осмон ўғли, балки у ўз халқининг отаси ҳам ҳисобланган. Хитой мутафаккирлари император ҳокимиятини ота-онанинг оилада болаларга нисбатан мавжуд бўлган ҳокимиятига ўхшашдир, деб талқин этганлар.
Хитойда сиёсий тизим ва сиёсий бошқарув маънавий қадриятлар ва адолат принциплари асосида бўлиши шарт эканлигини илк бор мутафаккир Лао-Цзи (эр.ол.VI аср) илгари сурган эди. У фалсафий ва ижтимоий-сиёсий оқим – даосизм асосчиси бўлиб, унга биноан анъанага айланиб кетган – дао “осмоний (илоҳий) ирода”ни намоён бўлишидир, деган қарашларга зид равишда дао осмоний иродадан ҳоли бўлган мустақил ва табиий қонуният сифатида талқин этилади. Барча нотабиийликлар (маданият, бошқарув соҳасидаги сунъий-инсоний кўрсатмалар, қонунчилик ва бошқалар) даосизмга биноан – бу даосизмдан оғиш ва янглиш йўлдир. Улардан воз кечиш эса табиийликка қайтишдир. Табиийликнинг (жумладан, табиий ҳуқуқни) ижтимоий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаётга таъсири даосизм оқимининг асосий ғояси сифатида илгари сурила бошланди. Лао-Цзининг қуйидаги пурҳикмат сўзлари унинг сиёсий қарашларининг айрим жиҳатларини ифодалайди: “Энг яхши ҳукмдор шуки, халқ уни фақат мавжудлигини билади, холос. Бир оз ёмонроқ ҳукмдорлар халқдан ўзларини яхши кўришини ва улуғлашни талаб қилади. Янада ёмонроқ ҳукмдорлардан халқ