СИЁСАТШУНОСЛИК. Муқимжон Қирғизбоев
назария: сиёсий назария ва ғоялар тарихи.
2.Сиёсий институтлар: а) конституция; б) марказий бошқарув; в) минтақавий ва маҳаллий бошқарув; г) ижтимоий маъмурият; д) бошқарувнинг иқтисодий ва ижтимоий функциялари; е) сиёсий институтларнинг қиёсий таҳлили.
3.Партиялар, гуруҳлар ва жамоатчилик фикри: а) сиёсий партиялар; б) гуруҳлар ва уюшмалар; в) фуқароларнинг бошқарув ва маъмуриятдаги иштироки; г) жамоатчилик фикри.
4.Халқаро муносабатлар: а) халқаро сиёсат; б) сиёсат ва халқаро ташкилотлар; в) халқаро ҳуқуқ.
1949 йилда ЮНЕСКО доирасида Парижда Сиёсий фанларнинг халқаро уюшмаси ташкил этилди. Унинг ҳар йилда ўтказиб туриладиган конференцияси сиёсий тадқиқотларни ривожланишида муҳим рол ўйнади. Лекин бу даврга келиб ҳам жаҳонда сиёсий фанларни ривожлантиришда АҚШ етакчилик қила бошлади. Сиёсий фанларнинг халқаро уюшмасини ташкил этишда ҳам АҚШ олимлари ўзларининг фаол ташаббускорликларини намойиш қилган эди. Кейинчалик АҚШ ҳудудида бир ярим мингдан ортиқ сиёсатшунослик кафедралари фаолият кўрсата бошлади. АҚШ сиёсий фанлар уюшмасининг ўзи 16 минг аъзоларга эга бўлиб, улар АҚШ сиёсий тизимидаги ҳокимият тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтларига хизмат кўрсатади.
ХХ асрнинг 50-йилларидан бошлаб Францияда ҳам сиёсий фанлар тезлик билан ривожлана бошлади. Сиёсий фанлар маркази сифатида Миллий маъмурий мактаб, Париж университети ҳузурида Сиёсий тадқиқотлар институти, Сиёсий фанларнинг Миллий жамғармаси тузилди, кейинроқ Сиёсий фанларнинг Франция уюшмаси ташкил этилди. 1951 йилдан бошлаб «Сиёсий фанларнинг француз журнали»ни нашр этиш йўлга қўйилди. Шунингдек, Францияда 1956 йилдан бошлаб сиёсий фанлар доктори илмий даражаси таъсис этилди. Ҳукумат декрети билан сиёсий фанлар кафедраларидан ташқари яна мамлакатдаги барча университетларда ўқитиш учун «Конституциявий ҳуқуқ ва сиёсий институтлар» курси жорий қилинди.
1950 йилдан бошлаб Буюк Британияда ҳам сиёсатшунослик фан сифатида ривожлана бошлади. Шу йилда «Қўшма Қироллик сиёсий тадқиқотлар уюшмаси» ташкил этилиб, унинг нашри сифатида «Сиёсий тадқиқотлар» журнали чиқа бошлади. Яна «Британ сиёсий фанлар журнали», «Ҳукумат ва мухолифат», «Сиёсий чораклик» каби журналларни нашр этиш йўлга қўйилди. Шу даврда Буюк Британиянинг 40 та университетида сиёсатшунослик фан сифатида ўқитила бошланди.
ХХ асрнинг 60-70-йилларида француз Р. Арон ва М. Дюверже асарларида сиёсий назариялар янада ривожлантирилди, улар Франциянинг ўзига хос хусусиятлари билан бойитилди. Бу ҳолат сиёсий институтлар ва муносабатлар, сиёсий партиялар, сайлов тизими ва сайловлар, ижтимоий бошқарув ва сиёсатга бағишланган тадқиқотларда аниқ сезилди. Француз сиёсатшунослари сиёсий институтларнинг фаолияти у ёки бу даражада сайлов тизимига боғлиқлигига, шунингдек, сайловларнинг сиёсий институтларни демократлаштиришдаги ролини беқиёс эканлигига муҳим эътибор қаратди. Шунингдек, ижтимоий бошқарув, муниципал бошқарув жараёнидаги сиёсий муносабатларга