Қора қузғун. Фозил Тиловатов
оила аъзолари, яқин қариндошлари, уни таниган, билган одамларни сўроқ қилиш билан давом эттирди. Том-том маълумотлар йиғди. Иш устида, маҳалла-куйда, тўй-ўчарларда ким билан гаплашган, ким билан чаплашган – барча-барчасини текширди. Заводлар уюшмасининг раиси Зулфиқоровни айниқса, алоҳида назорат остига олди.
– Мендан шубҳа қилишлари табиий, – деди Зулфиқоров ҳузурига ташриф буюрган терговчини, очиқ юз билан қарши олиб. – Чунки ҳамма билади – Жобирбек кейинги пайтларда ишбилармонлиги, ташаббускорлиги билан менинг ўрнимга номзод сифатида кўриниб қолганди.
Одамлар шивирлашиб юрган гапларни Зулфиқоров очиқдан-очиқ тан олиб гапираётгани Акмални бир оз таажжублантирди. «Ҳушёр бўлиш керак, Зулфиқоровни «қари тулки» дейишлари бежиз эмасга ўхшайди», – деб ўйлади Акмал.
– Одамлар гапираверади! – Зулфиқоров чой кўтариб кирган котибаси чойнакни қўйиб чиқиб кетгунча жим турди-да, сўнг фикрини давом эттирди: Билмаганлари учун ҳам гапиришади. Шунинг учун мен улардан хафа бўлмайман.
– Агар ташрифим билан сизни ранжитган бўлсам, узр! – ўнғайсизланди терговчи, кекса одамнинг ёзғиришларидан безовталаниб. – Мен ҳам айнан шу томонини ўйлаб ўзим ҳузурингизга келгандим.
– Аксинча, мен сизнинг чақиришингизни кутгандим. Ҳаттоки, бунга тайёрлангандим ҳам.
– Тайёрлангандингиз?
– Ҳа, тайёрлангандим!
Зулфиқоров ўрнидан туриб, иш столи тортмасидан бир китоб, бир тахлам газеталарни олди-да, келтириб Акмалнинг ёнига қўйди.
– Мана бу китобни Жобирбек ўтган йили чоп эттирганди. Мана бу газеталарда унинг бир қанча мақолалари босилиб чиққан. Биласизми, у кўприксозликда бетон конструкциялардан фойдаланишнинг янги бир усулини ихтиро қилган.
Акмал киноларда, бадиий асарларда олимларнинг кашфиётлари туфайли қандай кўргуликларга дучор бўлганликлари ҳақидаги воқеаларни кўп кўрган, кўп ўқиганди. Зулфиқоровнинг ҳикояси ўша томонга сирғалиб бораётгандек туюлди унга. Шундан ҳожати бўлмаса ҳам, ҳамсуҳбатига луқма ташлашдан ўзини тия олмади:
– Ихтиро!
– Ҳа, чинакам ихтиро! Унинг иқтисодий самарадорлигини айтмайсизми? Биласизми, авваллари биз кўприклар қурганимизда, бетон плиталарни бир-бирига тақаб қўярдик. Устига асфалт ётқизардик. Оқибатда кўп ўтмай плиталар бириккан жойдан асфалт дарз кетарди. Тирқишлардан қор ва ёмғир суви сизиб, бир жиҳатдан йўл сифати бузилса, яна бир жиҳати, машиналар қатнови ҳаракат ҳавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатарди. Жобирбек ана шу плиталарнинг орасида бўшлиқ қолдириб, юмшоқ резина маҳсулотлари билан тўлдириб, кейин асфалт ётқизиш таклифини киритди. Тажрибада синаб кўрилди. Натижа кутилгандан ҳам аъло!
– Агар сизни тўғри тушунган бўлсам, Жобирбекнинг сирли ғойиб бўлиши билан мана шу ихтиро ўртасида боғлиқлик бор, демоқчисиз?
– Ҳам ҳа, ҳам йўқ!
«Зулфиқоров кўпни кўрган одам. Фаолияти давомида кимлар билан мулоқот қилмаган у. Ҳамсуҳбатини Амуга олиб бориб, сув ичкизмай қайтариб келадиганлар хилидан. Ҳозир ҳам шу ўйинни ўйнамаяптимикин?»