Қора қузғун. Фозил Тиловатов
суюқоёқ жувоннинг таъсирчан чиқиб қолганиданми ёки тузиб қўйган режаси бўйича яна бир иш силлиққина амалга ошганиданми, хандон отиб кулиб юборди. Хатни парча-парча қилиб ахлат челакка ташлай туриб эса;
– Бу гапни Жобирбек акангга айт, жонидан! – деди.
15
Гулчеҳра ўша куни илк бор Тошкент сафаридан қайтган эрининг истиқболига пешвоз чиқмади. Совғасаломларни қўлтиқлаб уйга кирган эрига истар-истамайгина салом берди. «Тан-жонинг соғми» деб берган саволига эса: «тарашадай тиришиб ётибман», деб бемаъни бир жавоб қайтарди. Жобирбек тушунмади, аммо ўйлаб ўтирадиган вақт эмас. Кўприксозлик бошқармасига чақиртиришибди. Германиядан мутахассислар келадиган экан. Унинг лойиҳаси билан танишишмоқчи эмиш. Шу сабабли у уйда узоқ қолмади. Телефондан хизмат машинасини чақиртирди-да, кўчага чиқди.
Жобирбекдан рухсат бўлгач, машинани ўқдек учириб уйи томон кетиб бораётган Шосалимнинг қўл телефони жиринглаб қолди. «Оббо, – деди у тезликни бир оз пасайтириб, – уйга етиб боролмайдиганга ўхшайман».
Аммо у йўлдан қайтмади, қўнғироқ қилган Жобирбек эмас, Гулчеҳра экан.
– Тинчликми, янга?
– Салимжон, сиздан бир нимани сўрасам!..
Гулчеҳра нимадандир иймангандай жим бўлиб қолди. Фикридан қайтди чамаси.
– Сўрайверинг янга!
– Сиз акангиз билан ҳамиша биргасиз. Кеча кечқурун Тошкентда у киши билан бир жойдамидинглар?
Шосалим нима дейишини билмай қолди. Гулчеҳранинг эри ҳақида биринчи марта сўраб-суриштириши: «Нима десамикин?» Борини бор ҳолича гапиргани маъқул. Қош қўяман деб, кўз чиқариб қўймасин тағин.
– Ҳа кечгача бирга эдим. Кейин меҳмонхонада қолдириб, бир икки юмушларимни битириб келдим.
– Ёлғиз ўзлариними?
– Ҳа!
– Қайси меҳмонхонада?
– «Қурувчилар»да.
– Мабодо сизда ўша меҳмонхонанинг телефон номери йўқми?
Шосалимда телефон рақами бор эди. Аммо, бермади. Ишкалга аралашмагани маъқул. «Йўқ» дейишдан кўра бошқа усул қўллади.
– Маълумотлар бюросидан сўраб берайми?
– Йўқ! Майли ўзим сўраб оларман. Фақат сиздан илтимос, бу ҳақда акангизга гапириб юрмасангиз!..
Шосалим телефонни ўчириб, уловига «газ» берди. Машинанинг овози унинг сўзларини босиб кетди:
– «Ўзингиз айтмасангиз, Шосалим бошини тиғга тутадиган аҳмоқ эмас, янгажон!»
16
Вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида «тендер» йиғилиши бўлиб ўтди. Унда воҳанинг бир неча ҳудудларида қурилиши мўлжалланган янги кўприк иншоотларининг лойиҳалари танловга қўйилди. Вилоят ҳокими ва марказдан келган казо-казолар «тендер» ғолиби бўлган лойиҳа муаллифи Жобирбекни самимий қутлашди. Шу пайт ҳоким кўприксозлик бошқармаси бошлиғига луқма ташлади:
– Ҳа, Муҳтарам Калонович! Нега қарсак чалмаяпсиз? Оғзингиздагини олдириб қўйганингизга хафамисиз ё? Ишлаш керак, ишлаш!..
Муҳтарам Калонович китоб жавонида