Дил меҳроби. Хабиб Абдуназар
фалак,
Гулладинг, сўлдим.
Гулладинг. Ёдимдан ўчмаган,
Юракдан чиқмаган, кетмаган
Дардим – ҳамхона дардим,
дарди афсонам,
Кўнгил орасига тушди бегона…
Олиб келаяпман аламни сендан.
О, фалак,
Куйладинг, куйдим.
ЭЙ ЁР
Қодир бахшига
Эй ёр, эй ёр, ҳай ёр-ей,
Кун кўрмаган кунлар-ей.
Айиллари бўшаган –
Ҳуркар дайди йўллар-ей.
Гулоб ҳидли сочингдан,
Таралганда хуш насим.
Гулшанлар лавҳасида
Очиларми гул тарим.
Хаёлдир хаёлингдан
Ўтганида паришон.
Кўк отлари самода
Танлаётир бир майдон.
От ўйнайди тўлин ой,
Самоларнинг сағрида.
Тебранади Она ер,
Кўриб сени бағрида.
Эй ёр, ай, ёр, ағёр-ей,
Кун кўрмаган кунлар-ей.
Айиллари бўшаган,
Ҳуркар дайди йўллар-ей.
«Ҳар кун қайтарилар…»
Ҳар кун қайтарилар
Мана шу оҳанг,
Ёд олдим мен сени
Ҳар ёз, ҳар қишдан.
Ҳар кун пайдо бўлди
Мунглиғ қиёфанг,
Овозлар тўқнашган
Ғаройиб тушдан.
Ҳар кун бўғиламан,
Осаман сиртмоқ.
Ўйлайман: ногаҳон
Келсайди кимдир.
Аммо деразалар
Ортида мендек,
Осмон дардларини
Айтарди ёмғир.
«Ҳовлида серрайиб қолган дарахтнинг…»
Ҳовлида серрайиб қолган дарахтнинг
Илдизин кемириб бўлган сичқонлар,
Мақтаниб гапирди мусичаларга.
Майсаларга чиқиб бир тўп чумоли
Кулди, кулаверди…
…Йиғлади Осмон:
"Унга айтиб қўйма анжум сирини!"
Сичқонлар парвози шохларга етди,
Чумолилар ечди юлдуз – тугунни.
Шамоллар писиниб кавакка кирди,
Айтиб келганида қасоскор Тунни.
Майсалар ачинди,
Тонг узоқ эди.
Жуда яқин эди
Тундаги ғулув…
Кўмилиб ётарди митти тилсимлар,
Кўмилиб ётарди анҳордаги сув.
Мусича юрарди аста қадамлаб
Олислаб кетган тонг кўчаларини.
Ҳовлида бужмайиб қолган дарахт ҳам
Ўйлаб ўтирарди гулчаларини…
«У пайт бола эдим…»
У пайт бола эдим
– бу ўй наҳрида
Мунгли қайиқларга тушадир кўнглим.
Эслагин, болалик қолдирган боғда
Йиғлар туғилмаган энг ширин ўғлим.
Армонли кунларга етаклайди куз,
Турналар қайтади – гул қўшиқлари.
Ойнинг товонларин кесади, она
Синиққан руҳимнинг хор синиқлари.
Қишлоқ қизларидек маъсума ҳадик
Ойдин кунлар қочди ташлаб хаёлин.
"Онамни эъзозла, онамни асра" –
Бир эркак ёлборар қучиб аёлин.
Кўнгил