Дил меҳроби. Хабиб Абдуназар
талпинади –
Бойчечак Гули.
Оппоқ қорлар босиб, қиш адоғида,
Юракка етади орзунинг тили.
Кавушларин ечиб чопар лайлак қор,
Сенга ҳавас қилар –
Бойчечак Гули.
Фаришталар тушиб муздай булоққа,
Совутади куйган қанотларини.
Арилар келтирар юлдузлардан бол,
Сени осмон билар –
Бойчечак Гули.
Субҳга кўчади ошуфта кунлар,
Боғларга уланар хаёллар йўли.
Узмагин, қаҳратон қолдирган висол,
Сендек бир қиз бўлар –
Бойчечак Гули.
«Қўшиқ айтиб келдим…»
Қўшиқ айтиб келдим,
Дарёларнинг заррин (тилло) сувига.
Ёғдуларнинг нафис тушига кирдим.
Кирдим толгулларнинг ошиқ тусига.
Оят айтиб келдим,
Руҳим майдонида йиғлади ҳурлар.
Ризвон эшиклари гулдай очилди,
Қучоғимга тўлди илоҳий нурлар.
Ҳасрат айтиб келдим,
Тупроққа йиғини кўмганда тобут.
Шомлар азиз куйни айтиб йиқилди,
Қушлар кўзларини ёпди қонолуд.
Эртак айтиб келдим,
Дарахт кавагидан боққан ялмоғиз,
Гулдай муҳаббатни сеҳрлаб қўйди,
Аждарга айланиб бўлди гўзал қиз.
«Кўкка тегиб қайтар телба тол…»
Кўкка тегиб қайтар телба тол,
Хаёлимда боғлар қўшиғи.
Кўҳна сас-ла чайилган дилда,
Зўраяди жимлик оғриғи.
Ёғдуларнинг гул гирватида,
Ороланар ой – гўзал ҳилқат.
Олиб ўтар қимтинган сойдан,
Кишанланган асирин зулмат.
Парчаланган вақт долғасида,
Овоз берар кўмилган мозий.
Тоғлар ғори гулдираб кетар,
Чиқиб келар саҳройи валий.
«Шом тушар…»
Шом тушар,
дарахтлар руҳида,
Қорайиб синади новдалар.
Маҳзуна рангларга чайилди,
Қизариб, бўзариб садалар.
Шом қўнар,
дераза юзига,
Терлаган овозлар солар из.
Устидаги тошдек кўрпасин,
Тепиб ташлар алаҳсиган қиз.
Шом тинар,
юлдузлар қўшиб нур,
Ўради тунларнинг сочини.
Чайқатади қудуқ сувларин,
Осмон ташлаб ой – саночини.
«Биров йиғламайди, биров билмайди…»
Биров йиғламайди, биров билмайди,
Тутаб айланади бу чархи даввор.
Деворга суяниб ботаётир шом,
Бу ёғи дил ўртар мангу ёнарзор.
Тумандек тарқайди намчил япроқлар,
Юлдузлар томади тирноқларингга.
Ҳижронлар қўшиғин айтади кеч куз,
Турналар