Авлиёлар авлиёси. Шерхон Кораев
ҳамда ўғиллари қатл қилинганлигини тарихий маълумотлар тасдиқлайди. Аммо султон суягини хўрламас деганларидек, авлиёлар султони Хожа Аҳрорнинг ўғли ва набираларини қатл этгани учун балки вақти соати келиб, Муҳаммад Шайбонийхон (1510 йилда 1 декабрда жангда енгилгач, Эрон шоҳи Исмоил Сафавий томонидан боши танасидан жудо этилади) кесилган боши билан тавон тўлагандир, деган уйга борасан, киши. “Шоҳ Исмоил у(Шайбонийхон)нинг бош чаноғини олтин билан қоплатиб, коса ўрнида фойдаланди. Иккинчи бир ривоятга кўра, гўё уни Истамбулга, Султон Боязидга юборган эмиш. Чунки Мовароуннаҳр ҳукмдори билан Султон Боязид ўртасида ҳарбий иттифоқ бор эди. Шайбонийнинг ўнг қўли гавдасидан олиниб, тубандаги мазмунда масхарали бир хат билан ўзбекларнинг тарафдорига, Мозандарон ҳокимига юборилган экан. Хатда шу сўзлар ёзилган: “Сен ҳар вақт Шайбонийнинг тарафини олишни истар эдинг. Фақат унинг тириклигида бу сенга насиб этмади. Шу истагинг амалга ошсин деб Шоҳ Исмоил ҳозир сенга шу ҳомийнинг қўлини берди”. Буни Эрон тарихчилари нақл қиладилар. Ўрта Осиё тарихчиларининг айтишларига қараганда, унинг майити ўзи тарафидан Самарқандда 916 (1510) йилда бино қилинган гўзал бир мадраса ичида дафн этилгандир”(Ҳ.Вамбери. “Бухоро ёҳуд Мовароуннаҳр тарихи”. Т: Ғ.Ғулом номидаги АСН. 1990 й. 90 – 91 – б).
“Илоҳиёт жомидан сипқорган Жомий”
Нақшбандия тариқати пешволаридан Ҳазрат Жомий ҳам кароматгўй, парвардигор суйган авлиёлардан эди. Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Аёзий “Тарихи Рашидий”да таъкидлаганидек, ”Султон Ҳусайн Мирзонинг замонларида авлиёи бузруквор ва муршиди олий миқдорки бор эрдилар, ҳаммадин афзалу олимроғи Мавлоно Абдураҳмон Жомийдурлар, наввараллоҳу марқадаҳу. Уларнинг овоза ва шуҳратлари ул мартабадурки, таъриф қилмоққа ҳожат йўқдир. Булардин баъзи аҳвол ва силсилалари баён қилинур. Ҳазрати Мавлавийи Жомий Ҳазрати Саъдуддин Қошғарийнинг муридларидирлар. Булар Ҳазрати Низомиддин Хомушнинг муридлари, булар Хожа Алоуддин Атторнинг муридлари ва булар Хожа Баҳоул ҳаққаваддин, яъни Ҳазрати Хожа Нақшбанд алайҳи раҳма валмағфиранинг муридларидир”. Шу нуқтаи назардан Ҳазрат Навоий Жомийни пир деб этагини тутгани бежиз эмас, албатта. Навоий асарларида шайхулислом, Мавлоно Жомийга нисбатан “устозим, пирим” дея чуқур ҳурмат яққол намоён бўлганига гувоҳ бўламиз. ”Дунё ва охиратни бир оҳ билан ўртаган, пок ошиқлар бошлиғи, ерда фаришталар оламида яшовчиларнинг шайхулисломи, тўғри йўлга бошловчи улуғ зот, миллат ва диннинг нури Абдураҳмон Жомийдирким, гарчи у кишининг мақтови назмга нисбат беришдан юқорироқ бўлса ҳам, лекин шеъриятнинг ҳар бир услубида мислсиз эдилар ва назмларида ҳар бир шеър билан оламга ўт сочган эдилар ва шеърларида ҳар бир байт билан дард аҳлларининг жонини ва кўнгил оламини куйдирган эдилар”, – деб ёзган эди Ҳазрат Навоий устози ҳақида “Маҳбуб ул–қулуб”да.
Шоислом Шомуҳамедов “Форс–тожик адабиёти классиклари” китобида “Жомий тахаллуси қомусий билим эгаси, шоир, адиб, олим, мусиқашунос, тилшунос, адабиётшунос, тарихчи, файласуф, ўз замонасининг улуғ донишманди Нуриддин Абдураҳмон ибни