Дилнома. Уктамхон Домлажонова
опа ҳам навбатда турибдилар. Менинг навбатим уларникидан кейинга тушди.
– Менга қара, – дедилар менга юзланиб.
– Ўзимизнинг маҳаллани қизисан-ку, мен шу мактабга кириб чиқаман, керосин сотувчи келса, менинг идишимга ҳам қуйдириб қўй, – дедилар-да, пулни қўлимга қистириб, мактаб томон кетдилар.
Сотувчи келди. Кимларгадир керосин етмади. Керосин етмаганлар нега бу қиз икки норма олади, деб “разборга” ўтишди. Жон-жаҳдим билан биттаси ўқитувчи опаники эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилардим, ишонишмасди. Охири биттаси:
– Донолик қилиб бизни алдамоқчимисан, қани у ўқитувчи опа, ким ўзи, – деб дағдаға қилиб турганида Лазокат опа келиб қолдилар.
– Нима гап, нега йиғлаяпсан? – дедилар орқамга қилиб олган қўлимдан иккала керосинни олиб. Битта шишадаги керосин у кишиники эканлигини тушунтирганларидан кейин “разборчи”ларнинг чакаги ўчди. Иккаламиз ёнма-ён келаяпмиз, менинг керосинимни ҳам Лазокат опа кўтариб олганлар.
– Йиғлама, нега йиғлайсан, сени ёлғон гапирмаганингга гувоҳ бўлдим-ку, – деганлари сари хўрсиниб йиғлайман.
Бизнинг эшигимиз “жин” кўчанинг ичида эди. Кўча бошида шу ёққа кираман дегандек тўхтадим.
– Вой, шу ерда турасанми? Шошма, сен Мавжуда амманинг қизисан-ку, мактабга борасанми?
– Онам қўймайдилар. Уйимизда мендан бошқа дастёр йўқ, – дедим. Сумкаларидан рўмолча олиб кўз ёшимни артдилар. Сочимни текисламоқчи бўлиб бошимни силаб қўйдилар.
– Эрталаб тайёр бўлиб тур, сени мен ўзим мактабга олиб чиқиб кетаман. Ўқитаман.
Эслолмайман. Бу хабарни онамга айтсаммиканайтмасаммикан. Яхшиси айтмайман. Барибир рухсат бермайдилар. Чунки онам турмушнинг оғирлигиданми, меҳнат эзиб қўйганлигиданми, важоҳатли, бир сўзли эдилар. Гапларини қайтара олмас эдик. Шундай бўлса ҳам кечаси узоқ вақт ўйлаб ётдим. Уйқум қочди. Лазокат опа мени қандай қилиб ўқишга олиб чиқиб кетаркин. Мен ҳам мактабга бораманми? Китобни ким олиб беради менга. Қизлар анча бўлди-ку мактабга боришганига. Ким менга жилд тикиб беради. Матони қаердан оламиз. Сиёҳдоним йўқ. Дарс соатларимни қандай етказиб оламан. Барибир онам юбормайдилар. Яхшиси бормайман. Онам айтганларидек кимгадир шогирдликка бермоқчилар. Лазокат опа чиндан келармикан ёки мени юпатиш учун айтдиларми? Шу кеча ухладимми, ухлай олмадимми эслай олмайман. Онам бомдод намозини тугатдилар-у одатий ҳолда ишга кетдилар. Менинг кўзим эшикда. Ана, эшик оҳиста очилди.
– Мавжуда амма, – Лазокат опанинг овозлари.
– Онам йўқ эдилар, ишга кетдилар, – мендан олдин жавоб қилди опам.
– Муяссар тайёрмисан, юрақол, ишдан қайтаётганда аммажонга ўзим тушунтираман.
Анқайганча опам қолди. Худди мени биров ушлаб қоладигандек Лазокат опадан икки қадам олдинроқ юрмоқдаман. Синфга кириб келганимизда тасаввурим бутунлай ўзгарди. Қизлар ёши жиҳатидан ҳаммаси тенг эмас. Каттароқ ёшдаги қизлар ҳам бор. Мен эшитган биринчи дарс