СИЁСАТШУНОСЛИК. Муқимжон Қирғизбоев
яхши ва ёмон давлат, шунингдек, яхши ва ёмон фуқаролар тушунчаларини қўллайди. У айнан яхши давлат ва яхши фуқароларни ҳосил қилиши мумкин бўлган шарт-шароитларни яратишга қизиқади. Агар давлат ҳар хил худбинликка асосланган қизиқишлар ўртасидаги ўзаро мувозанатни ушлаб тура олса, шу билан бирга, у барқарор бўлса, у ҳолда у яхши давлат сирасига киради. Ёмон давлатда эса турли худбинона манфаатлар очиқчасига ўзаро низоларга киришади. Яхши фуқаро ватанпарварлик ва жанговарлик субъектидир. Бошқача айтганда, яхши давлат – бу барқарор давлатдир. Сиёсатнинг мақсади, антик Юнонистонда ва ўрта асрлардаги қарашлар каби яхши ҳаёт қуриш учун эмас, балки шунчаки ҳокимиятни ушлаб туришдир (ва, бинобарин, барқарорликни ҳам тутиб туришдир) .
Макиавелли ҳокимиятни эгаллашга уринувчилар билан ҳокимиятни тутиб турганлар ўртасига тафовут қўяди. Муайян маънода, ҳукмдор билан фуқаролар ўртасидаги фарқ – барқарор давлатни барпо этиш муаммоси билан ҳокимиятни ушлаб туриш муаммоси ўртасидаги тафовутнинг аксидир. Макиавелли қадимги Рим республикаси ва ўзи замондош бўлган Швейцария барқарор давлат ва нисбатан бузилмаган жамиятлар учун мисол бўла олади, деб фараз қилган эди. Унинг фикрича, бу давлатларда халқ муайян маънода ўзини ўзи бошқаришга қодир. Бу ерда мустабидликка эҳтиёж йўқ. Лекин бу даврда Италияда марказлашган давлатни барпо этилиши вазифаси кўндаланг бўлиб турарди. Италия учун қудратли ва бераҳм ҳукмдор зарур эди. Албатта, Макиавелли ахлоқсиз жамиятда сиёсатчининг ҳокимият учун курашларда қандай ютиб чиқишига доир назарияларнинг муаллифи сифатида кўпроқ машҳур бўлди.
Назариётчилар Макиавеллини иккиюзламачиликда айблашади. Ҳукмдор халқдан ахлоқли бўлишни ва саховатпешаликни талаб қилади, айни бир пайтда, унинг фаолияти ҳокимиятни муваффақиятли тарзда эгаллаш йўлида ахлоққа таянадими ёки таянмайдими, деган савол қўйилганида унга жавоб топиб бўлмайди. Фуқаролар учун бир ахлоқ, ҳукмдор учун эса бошқача ахлоқ. Бошқача айтганда, Макиавелли ахлоқни сиёсатга бўйсундиради. Макиавелли сиёсатда қўлланиладиган сиёсий воситаларни уларнинг ахлоқий жиҳатдан қўлланишга маъқул ёки маъқул эмаслигидан қатъи назар уларни таҳлил этишга ҳаракат қилади43 .
Бу даврда мақсадлар билан воситаларнинг бир-бирига кескин қарама-қарши қўйилиши нисбатан янги бир ҳолат эди. Юнон файласуфлари ва христиан теологлари айрим амалларни («воситаларни») уларнинг керакли мақсадларга олиб бориши ёки бормаслигидан қатьи назар номақбул деб қарашган эди. Ўғирлик ва қотиллик бунга мисол бўлади. Макиавелли мақсад ва воситаларнинг бир-бирига кескин қарама-қарши қўйилиши асосида натижа воситаларни оқлайди, деган фикрга келган эди44 .
Макиавелли кучли давлат ҳокимиятининг аҳамиятини тушунади. Лекин аввало уни соф сиёсий ўйин кўпроқ қизиқтиради. Шунингдек, у ҳокимиятни амалга оширишнинг иқтисодий шарт-шароитларини нисбатан яхши англамайди. Макиавелли фикрича, инсон табиати ўзгармасдир; бинобарин, бундан