Ибройим Юсупов. Шарап Уснатдинов
ўнгингда дунё гўзаллашиб, осмон аста-секин кенгайиб, янада юксалиб бораётгандай бўлади. Бир илоҳий куч сени тебратади, хаёлингга ҳам келмаган фикрлар шуурингда уйғонади, қаторлашиб қофиялар келаверади. Дунёни унутасан, сен учун вақт ва макон тушунчалари йўқолади, хаёлингга келган ўйлар қистайди. Ёзиб улгурмай қоламанми, деб энтика бошлайсан…
“Йўлдошмуаллим” шундай ёзилди. Овулдаги бошланғич мактабни битиргандан сўнг ёзнинг иссиғида Тўлаган муаллим бошчилигида Чимбой шаҳридаги мактабда бешинчи синфга ўқишга бораётганида йўл бўйи айтиб берган воқеа хотирасига муҳрланиб қолган экан. Ўшандан буён Тўлаганнинг биринчи устози Ўроз муаллимнинг бошидан кечирганлари тез-тез тушига кириб чиқадиган эди. Институтда Нажим Давқораев теварагида тузилган адабиёт тўгарагида олган сабоқлари ва мутолаа қилган шеърлари, ўқишга бирга қатнаган Бабош, Тажетдин, Сирожиддин, Марат, Ўсарбой ва бошқа шеърият шайдолари ҳамда ҳикоя ёзиб юрган истеъдодли йигитлар билан мусобақалашган мушоиралари бугун келиб, достонга тақалди. Ёзганини ҳеч ерда достон деб атамади. Ҳар бўлимини ҳар вақтда ўқиди. Аввал дўстлари орасида, сўнгра институтда муҳокамадан ўтказди. Юрагининг гупиллашидан ўз товушини ўзи эшитмаса-да, энтикиб ўқиди. “Нима дер экан?” дея юзидан қони қочиб, умидвор кўзлари билан жавдираб ўтирган кезлари кўп бўлди. Ҳар бўлимни ўқиб, муҳокама қилганларидан кейин узоқ вақт фикр ўйланиб гапирганларининг кимларники чин, кимда қандай қўшимча бор, камчиликларни кўрсатганларнинг кўнглида асли нима бор? Барининг мағзини чақиб, англашга ҳаракат қилди. Тез ёзиб битказиши кераклигини англади. Баъзи ўринларини таҳрир қилиб, қайта ишлади… “Хуллас, ўша достон туфайли Орзукўлнинг бўйида, тўтиқушнинг паридай тўзғиган хаёлим ўрмонида, унинг қуюқ сояли туронғилларининг остида, илк бор илҳом париси билан учрашдим, шоирликнинг “лаззатли сургунига” биратўла ҳайдалишни бўйнимга олдим…” деб эслади у.
У достонни институт залида муҳокама қилиш вақтида тўртинчими, бешинчи қаторда ўтирди. Шундай қилса унга қаратилган адабий-танқидий фикрлар қулоғига ҳолсизланиб, юмшоқроқ бўлиб етиб келадигандай ёки олдинроқда ўтирса, “бу достонни аканг ёзди”, дея мақтанганга ўхшаб кетадими, ёки мен керак бўлсам, ўзингиз топиб оларсиз, дедими, негадир ўша жойда ўтирди. Достон муҳокамаси қизиб, бировлар чақалоқни онаси илк бор мойлагандек силаб-сийпаб, бировлар баррикаданинг нариги томонида туриб ҳужум қилиб ўтирганида олдинги икки қаторда эгилиб олган дўстлари, курсдошлари орқасига қайрилиб, уни кўзлари билан излашди, лекин топишолмади. У ҳам “мана бу ердаман”, дегандай бўйнини чўзишнинг ўрнига, гавдалироқ одамларнинг панасига беркинди. Шунга қарамай, барибир сир берди, гапираётганларнинг сўзларига қараб, гоҳ чапга аста қўзғалиб, тикилиб қарамагани билан қиялаб зимдан назар ташлаб, гоҳ букчайиб, гоҳ қаддини ростлаб, бутун вужуди билан тинглаб ўтирди.
Энг қўрққани – охирида сўзга чиқиши кераклиги. Мақтаганларга нима дейди, танқид қилганга қандай жавоб қайтаради? “Қўлимдан келгани шу”, дейиш умуман тўғри келмайди. Қўлидан келгани ёмон эмас, ҳеч кимникидан кам эмас, адабиётга озгина бўлса ҳам