Ибройим Юсупов. Шарап Уснатдинов
маъқуллаб ўтиргандан кейин, унга қарши бир нарса дейиш қийин эди. Машъум 37-йилда “халқ душманлари”ни тўдатўда қилиб қамаб, кўпчилигини Тўрткўлдаги қамоқхонанинг ўзида аёвсиз отиб ташлаётган вақтда Сағитов “Қизил Қорақалпоғистон” газетасининг масъул муҳаррири бўлди. Халққа кенг тарқалган “Қора қўй” шеърини ёзган, ўзи йўқсилдан чиққан, ёшлар газетасида масъул муҳаррир бўлган шоир Избосар Фозиловнинг Сибирь ўрмонларига сургун қилиниши барча ёзувчиларни қаттиқ қўрқитиб қўйди. Айнан ўша йили “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида “Қорақалпоқ адабиётидаги буржуй миллатчилар ва уларнинг ҳамкорлари” деган мақолалар эълон қилиниб, ёзувчилар, шоирлар орасида ҳам “халқ душманлари” топилаётгани ҳақида ёзилган эди. Бугунги зиёфатда биров бировга хушомад қилиб, оғзидаги сўзни хавфсираб, ҳушёр бўлиб айтилган гапларнинг сабаби ҳам шу…
Бу гапдан кейин ҳамма: “Биз сизга тушунмадик-ку”, дегандай Давқораевга қаради. У киши бу кўзқарашларни сезса ҳам, тусини ўзгартирмай, сўзида давом этаверди. Юқорида номи айтилган мақолада: “Нажим Давқораев Қўнғиротдаги катта фабрикант, бойнинг боласи. У контрреволюциячи миллатчи, халқ душманлари Қосим Авезов, Сайфулғабит ва Раҳим Мажидовларнинг қуйруғи”, – дея ёзилган гаплар бор эди. Давқораевнинг ҳозир ўзини тутиши, Сағитовнинг шаънига илиқ гап айтиши ҳаммани ўйлантириб қўйди. Бу қандай кенглик эканини тушуниш қийин бўлди.
– Исмоил “Қирқ қиз” достонини Жиян жиров ёзган деган фикрни айтаяпти-ку, – деди ўртароқда ўтирган семизроқ, сочини манглайининг чап томонига тараган ёшроқ йигит.
– Мен унутаёзган эканман, бу фикр ўрганилиб, тадқиқотчилар орасида муҳокамага қўйилишга лойиқ. Ҳозир бунга тарихчилар қизиқишмоқда. Агар уни исботлай олсак, Жиян жиров дунёнинг энг улуғ шоирлари қаторига қўшилади.
Давқораевнинг шу гапидан кейин бу даврада Ўринбек Кожуровнинг ҳам ўтиргани эсларига тушгандай, баъзилар унга қараб хушомад қила бошлади. Уруш бошланаётган йилларда халқ оғзида “Нажимнинг институти”, “Нажимнинг “Алпомиш”и деган сўзлар тарқалган эди. Достон асосида ёзган драматик асари театрда қўйилгандан кейин Ўринбек Кожуров билан Исмоил Сағитовлар тақриз ёзган.
Зиёфат чўзилиб кетди. Давқораев аста-секин чуқурлашиб бораётган гапни бўлгиси келгандай:
– Ибройим, ўтган йили ёзилган Ватан ҳақидаги шеърингни ёддан билсанг, ўқиб бер, озгина дам олайлик, – деди ҳамманинг диққатини жалб этиб.
Ибройим сал ўнғайсизланиб, куймалана бошлади.
– Ғазал жанрида ёзилган, узун вазнли шеър эди…
У томоғини қириб гапиргани одамларнинг ёдига бир нарсани солгандай бўлди.
– Бу бизнинг радиода чиқадиган сухандонимиз, шеърни яхши ўқийди.
Хўжабек Сейтов Ибройим билан мақтангиси келгандай туюлди.
– Унинг шеърларини мен ёдлаб юраман, ўзим ўқиб берсам бўладими? – деди Бабош.
У бироз тайёргарлик кўргандек бўлиб, ҳеч кимнинг жавобини кутмай, ёддан ўқий бошлади:
Туғилдим бу Ватанда онамдан тонг чоғинда,
Меҳрибон