Дилнома. Уктамхон Домлажонова
қиладики, унинг бу ҳолати она меҳрининг дастурида ёзилган. Яхши кишилар қуршовида бўлсангиз, довонларнинг баландлиги ваҳимали кўринмас экан. Оиламиздаги олти жон устига яна бир жон қўшилдики, бу митти жон ҳар биримизнинг ардоғимизда. Айниқса, бир кўзи хирароқ кўрадиган бувижонимизга “иш” топилди. Болани уларга беришимдан олдин тиззаларига ёстиқ қўяман, унинг устига қордек оппоқ чойшаб тўшайман, сўнг йўргакдаги болани оладилар. Қайнона онамлар билан бувижон орасида “сан ол, ман ол”. Саноқли кунлар ҳам ўтиб боряпти. Гўдак қирқ кунлик бўлганида қайнонам қишлоққа бир бориб келишни режалаштирдилар. Турмуш ўртоғим иш юзасидан сафарда. Турмуш ўртоқлари олдига кетган опахонимизни шу тонгги поездда келишлари ҳақида хабар келди. Қизлари Мастурани ёнимга олиб, йиғар-терарни бошлаб юбордик. Кечда алламаҳалгача ғимирладик. Охири Мастура ётоғига кириб кетди. Мен ҳам ётоғимга кирдим. Бир бешик бўлиб паҳлавондек ётган гўдак “ечгин” деб хархаша қиляпти. Тебратдим. Бўлмади. Қўлини ечиб, бир оз бўшатдим, кўнмади. Охири бешикдан ечдим. Йўргаклаб кроватга солдим, ёнбошладим. Назаримда кимдир деразани тақиллатди. Ажабо, туриб қарадим. Ҳеч ким кўринмади. Хавотирланиб гўдакка қарадим. Митти кўзларини астойдил очиб ниманидир кутаётгандек ўйчан…
Яна ёнбошладим.
– Ухлама, ухлама, дедим-ку, ҳозир тасир-тусур бўлади.
Сакраб тушдим. Ажабо, кимнинг овози, нега мен бунақа алаҳсираяпман. Худди фарзандимнинг кровати билан биров олиб чиқиб кетадигандек кроватни судраб дераза томон юрдим. Ҳа, худди ҳозир айтилганидек тасир-тусур бўлди. Ер қимирлаб кетди. Кроват қўлимдан чиқиб, девор ўртасига ўрнатилган “контрамарка” печкага урилди. Кўча томондан одамларнинг овози эшитилаяпти. Тонг ёришиб қолган. Нариги хонадан эмаклаб бувижон чиқяптилар, Мастура, Ботир, Баҳодирларнинг ранги оқариб кетган. Худди шу дақиқада кутаётган меҳмонимиз – опахонимиз кириб келдилар. Вокзалдан уйга келгунларича шаҳар аҳолисининг кўчадаги аҳволини кўриб, улар ҳам бир аҳволга тушиб қолибдилар. Йўргакдаги гўдакни опахоннинг этакларига ташладим-у, онамларга қараб чопдим. Чопаяпман. Оёқларим чалкашиб кетаяпти. Кўз олдимда мудҳиш манзара. Эски шаҳар атрофидаги ҳамма эски уйлар қулаган, босиб қолган, одамлар тупроқ остидами, иморат тагидами, китоблар турадиган токчалар қуладимикан, онамларни қандай аҳволда топаман, кўра олармиканман…
Шукур ва беҳисоб шукурлар бўлсинки, қўрққаним қувончга айланди. Кўпчилик қўшнилар онам атрофида, уларга таскин беришаяпти:
– Ҳозир биронтамиз бориб хабар оламиз, – деб турганларининг устига мен кириб келдим.
Ҳа, 1966 йил апрель ойидаги ер қимирлашининг асоратлари осонлик билан кечмади. Шаҳарнинг маълум қисми аҳолиси кўчада палаткаларда, айримлари қариндош-уруғлари бағрида, айримлари шаҳардан чеккароқларда яшашга мажбур бўлдилар. Биз яшаб турган 6 сотихлик участканинг ҳовлисида ҳам биздан ташқари яна 4 та оила бирга яшадик. Ўша шароитда дўстларим, ҳамкасбларим мени қўллаб-қувватлашмаганида,