Дилнома. Уктамхон Домлажонова
Бир пиёла чой ичайлик деб кўп қистадим.
– Овора бўлманг, йўлдан келаётган экансиз, мана, Янгийўлнинг нонидан бир бурдадан тамадди қиламиз, – деди-да, инсонпарварлигида қатъий туриб, бир пиёла чойга ҳам койитгиси келмади. Ялпизларни кўп териб, дам олиш кунида учрашишга аҳд қилиб хайрлашдик. Худди ўша он кўз ўнгимда туриб қолди.
Осмоннинг кўз ёши ҳамон тингани йўқ. Ҳамон чечакларни, ғунчаларни шоширяпти:
– Тез, тезроқ очилишга шошилсаларинг-чи, чечакларнинг илк табассумига бурканиб ётсин Опа…
Уч кунгина олдин кўрган тушим миямга урди. Бизда учта она кийик бор экан. Биттаси чуқур ғорга кириб кетди. Кутдим, кутдим чиқмади. Тушнинг таъбирини тушуна олмай кўнглим хира эди. Ҳозир аён бўлди. Учта она кийикнинг биттаси ўз онам, биттаси қайнонам ва биттаси Қундузхон опам экан. Ҳозир чиқмас ғорга қўйишади. Индамаслар оламида ётувчиларнинг қаторига киради. Қорининг осмонни ерга яқинлаштирувчи қироатли тиловатидан сўнг ҳамма бир сиқимдан тупроқ ташлашга шошилади. Қундузхон опани индамаслар оламига кузатиб келган халқнинг тили дуодан узилмаяпти.
– Оллоҳим, жаннатингдан жой бергин, фарзандларига сабрнинг жамилини бергин, умр йўлдошининг ўксик қалбига ўзинг малҳам бўлгин, бу мусибатга ўзинг кифоя қилгин, ажрини улуғ қилиб бергин, бу дунёдаги яхши тилакларини охират йўлида ўзига васила қилгин… Шивирламаган қалб, қимирламаган лаб қолмади.
Дуоларда ва дуолар билан кўмишди. Устларига тортилган тупроқнинг майинлиги дуолар билан қоришганлигиданми, энди очилган ва очилаётган чечакларнинг файзи Қундузхон опа руҳининг мусаффолигиданми, ташлаб кетишга чидай олмай узоқ, оғир сукунатда турганларнинг руҳий ҳолати, Қундузхон опа меҳрининг улуғлигиданми, индамаслар оламининг ҳозирги аҳволини тасвирига сўз ожиз, тиллар лол, кўзлар кимнидир пинҳона излайди.
Опани охирги йўлга кузатгани келган аёллар хоналар ичига сиғмайди. Ичкари-ташқари одамга лиқ. Хонадон ичида ҳамон кезиб юрган булут одамга тўлиб чайқалаётган хонадондан чиқиб, атрофга тарқаб кетолмаяпти.
Хонадон ичида булут кезмоқда,
Атроф чайқалади одамга тўлиб.
Меҳрибон, мунисхон Қундуз опага
Қалбда мотам, боқамиз битта кўз бўлиб…
Ўша даврларда битилган дафтарларнинг кундалик саҳифаларини варақлаб қандай жўмард, қандай пок, қандай меҳрибон одамлар даврасида катта бўлганимга яқин-яқинларда ақлим етди. Балки баъзи яхши қадриятларни қўмсаганимми, риё, зино, шумлик, қувликни асло билмай, доимо фидойи бўлган ҳолатларимизми? Шу ўринларда номларини тилга олиб, ёднома сифатида бир шингилдан бўлган воқеаларни тилга оламанки, шояд бу воқеалар ибрат бўлса. Рудакий айтганидек:
Ҳар киши ҳаётдан олмаса таълим,
Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим.
Али тоға. Анваржон ва Акбаржон исмли тоғаларим бўлиб, бирини кучук қопиб, иккинчисини сигир сузиб бевақт ўтишган экан. Отасиз бўлганимиз учун кўнглимизга яўин инсонлар бизга тоға бўлаверган.