Дилнома. Уктамхон Домлажонова
битта майса тебраниб-тебраниб турибди. Шамол ҳам бўлди, йиқилмади. Бўрон ҳам увиллади, йиқилиб, синиб кетмади. Кенг далада табиат қанча ёлғиз турган майсага ҳужум қилишга уринмасин, яшашдан умидини узмаган ҳолда йиқилса-да, қаддини тиклашга ҳаракат қиларди… Тонг отди. Тарихдан имтиҳон натижаси юқоридагидек бўлди. Нима қилишим керак? Менинг дардимни ким эшитади? Яратгандан бошқа ҳеч ким тушунмайди менинг ҳолимни. Қабул комиссияси раисининг ҳузурига киришимни маслаҳат беришяпти. Мен қайси юз билан кираман ва аҳволимдаги қайси масалани тушунтира оламан. Ҳижолат чекканимданми ёки ўз ҳуқуқимни ўзим чеклаганимданми, одамларга қарай олмайман. Келиб-келиб тарихдан “3” баҳо оламанми? Мактабдаги тарих ўқитувчимиз Ҳамидулла ака Даминов эшитсалар нима бўлади? Қандайдир бир журъат топиб, тун қоронғисида Ғайратий домланикига катта поччамларни бошлаб бордим. У киши ҳам бўлган ҳолатдан ҳайрон. Эртасига қабул комиссиясининг раиси олдига кириб, менинг ижтимоий аҳволимни тушунтирмоқчи, агар имкон бўлса қалам машқларимни эътиборга олган ҳолда ижтимоий факультетларнинг бошқа биронтасига ўтказишни илтимос қилмоқчи бўлдилар. Менга матбуотда эълон қилинган ҳамма машқларимни олиб келиш тайинланди. Эртасига қабул комиссиясига келсам домла раисни кутиб ўтирибдилар. Эшикка “Қабул комиссиясининг раиси Ўрозаев Ш.З.” деб ёзилган.
Кўпчилик кутаяпти. Назаримда раис келдилар шекилли, ҳамма жонланди. Мен раис деб тахмин қилган киши хонага кирди-ю, кўп ўтмай қайтиб чиқди. Унинг кетаётганига гумон қилдиларми, домла Ғайратий қўл узатиб саломлашиб, менинг муаммоимни айтишга бошладилар. Гапларини охиригача эшитмади. Эшикни очиб, кимнидир чақирди.
– Бу киши ёзувчи Ғайратийман деяптилар, гапларини эшитинг, иложи бўлса ёзма равишда қолдирсинлар…
Шундай оҳангда гапирдики, кесатиқми ёки ёзма равишда тушунтиришларнинг орқасида жиддийроқ савол-жавоб борми, тушуна олмадим. Раис кўрсатган одамнинг қабулида домла узоқ ўтирдилар. Чиққанларида ҳеч қандай ижобий натижанинг йўқлиги кайфиятларидан маълум эди. Ҳужжатларимни педагогика билим юртига ўтказишга кафолат берибди, холос.
Негадир кўрган тушимни унутолмайман. Бийдай далада ёлғиз қолиб яшашга интилаётган гиёҳ-новда кўз олдимга келаверди. Домла келганларига афсус чекдиларми, сездирмасликка ҳаракат қилиб, одатдагидай самимий хайрлашдилар. Яна ўт ичида ёлғиз қолдим. Менга ўхшаган конкурсдан ўтолмай “югуриб” юрганлардан бири:
– Ректорнинг қабулига ёзиламиз, – деб қолди.
Таваккал, мен ҳам ёзилдим. Ректорнинг котибаси ёшгина, муомалали қиз. Ҳар биримиздан нима учун қабулга кираётганимиз тафсилотини сўраб, сўнг ёзди.
Эртасидан ректор қабулини кутдик. Бир неча кун киришнинг иложи бўлмади. Мажлис, комиссия, раҳбарларнинг йиғилиши. Ниҳоят, олтинчи куни имконият бўлганда ўзим кирмадим. Қандайдир қўрқув қуршаб, бошимда қаттиқ оғриқ турди. Кейинги ҳафтанинг биринчи кунидан яна навбат кутяпман. Охири менда кечаётган кечинмани котиба Тамара опага айтдим.
– Нега